Ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиш ўзингиз учун қимматга тушади

Ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиш ўзингиз учун қимматга тушади

Ҳозирда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқиш, ўз шахсий бизнесини бошламоқчи бўлганлар кўпчиликни ташкил этиши муболаға эмас. Тадбиркорлик натижасида ўз оиласига, қолаверса давлат бюджетига ҳам фойда келтириб, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишида салмоқли ҳиссасини қўшаётган инсофли бизнес вакиллари фаолиятларини тобора кенгайтирмоқда. Бироқ ўз тадбирколигини қонуний тартибда амалга оширишдан қочиб, солиқ тўлашдан бўйин товлаётган, ўз жиғилдонини ўйлайдиган фуқаролар ҳам афсуски, орамизда учраб турибди.

Солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида Сирдарё вилоятида мунтазам равишда профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан 2020 йилнинг ноябрь ойи давомида ўтказилган назорат тадбирларида 34 та ҳолатда давлат рўйхатидан ўтмасдан савдо фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролардан жами 144,3 млн.сўмлик товарлар далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Жумладан, текшириш ишларида 2 та ҳолатда хуфёна цех ташкил қилиб, ноқонуний маҳсулотлар ишлаб чиқараётган шахслар аниқланиб, улардан 25,6 млн.сўмлик маҳсулотлар, 3 та ҳолатда 1,4 млн.сўмлик алкоголь маҳсулотлари, 1 та ҳолатда 0,3 млн.сўмлик тамаки маҳсулотлари, 28 та ҳолатда 114,4 млн.сўмлик бошқа ҳужжатсиз товарлар вақтинчалик олиб қўйилди.

Хусусан, Янгиер шаҳридаги савдо мажмуасида жойлашган 177-сонли савдо дўкони эгаси ҳеч қандай ҳужжатларсиз озиқ ва ноозиқ овқат маҳсулотларини чакана савдоси билан шуғулланиб, аҳолига хизмат кўрсатиб келган. Текширув давомида фуқарога тегишли бўлган жами баҳоси 1176000 сўмлик 12 турдаги товар моддий бойликлари бўйича баённома расмийлаштирилиб, иш қонуний ҳал бўлгунга қадар далилий ашё сифатида вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилди.

Шу каби давлат рўйхатидан ўтмасдан савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланаётган 23 та фуқаролар аниқланиб, уларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.

Ноқонуний фаолият билан ҳалол ризқ топиб бўлмайди. Юқоридаги мисоллардан тадбиркорлар тўғри хулоса чиқарсалар, келгусида содир бўлиши мумкин бўлган кўпгина қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинган бўлади. Шунинг учун тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни бошламоқчи бўлган фуқароларимиздан давлат рўйхатидан ўтиб, ҳалол ва қонуний тарзда фаолият юритишларини сўраб қоламиз.

 

Шуҳрат Рақибов,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Сайёр солиқ текшируви шўъбаси бошлиғи