4-сектор ҳудудида 3000 га яқин оила “Темир дафтар”дан чиқарилди

4-сектор ҳудудида 3000 га яқин оила “Темир дафтар”дан чиқарилди

Мураккаб келган 2020 йил давомида ҳар бир ташкилот жиддий синовлардан ўтди десак, муболаға бўлмас. Хусусан, бевосита халқ билан ишлаш, 4-сектор сифатида Жиззах вилояти давлат солиқ идоралари олдига ҳам жиддий синовлар қўйилди.  

Пандемия шароитида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириб, уларга манзилли ёрдам бериш, “Меҳр-саховат” умумхалқ ҳаракатини уюшқоқлик билан ташкил қилиш, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда изчил ва салмоқли ишлар амалга ошди.

Жумладан, пандемия шароитида Жиззах вилояти 4-секторидаги 4575 та эҳтиёжманд оилага 1,1 млрд.сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 83 млн.сўмлик дори-дармон, 332.0 млн.сўмлик нақд пул кўринишидаги, 1,3 млрд.сўмлик (ВМФ‑346 асосида) бир марталик моддий, 2.6 млрд.сўмлик (ПФ‑6038 асосида) бир марталик моддий,  300 млн.сўмлик бошқа турдаги (чорва, парранда, асаларичилик, иссиқхона коммунал тўловидан қарздорлик) ёрдамлар кўрсатилди.

4-секторда 67 та маҳалла, 51,1 мингта хонадон бор ва уларда 66,8 мингта оила истиқомат қилади, аҳоли сони 304 минг нафарни ташкил этади.

Пандемия даврида маҳалла идоралари вакиллари ҳамда депутатлар билан хонадонма-хонадон юрган ҳолда 4 575 та эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, “Темир дафтар”га киритилди.  Жумладан, бу дафтарда кам таъминланган оилалар 1 234 та, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар 1 457 та (оила аъзоси 5 828 нафар); ногиронлиги бўлган оилалар 267 та,  ёлғиз кексалар 76 та ҳамда карантинда даромадини йўқотган оилалар 1541 тани ташкил этади.

Карантин бошлангандан ҳозирга қадар 1164 та саховатпеша тадбиркорлар билан ҳар бир эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди, уларга жами 5,4 млрд.сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Албатта, бир неча марта моддий ёрдам ўрсатилган билан оилаларнинг аҳволи ўзгариб қолмайди ёки муаммолари буткул ечим топмайди. Биргина йўл “Темир дафтар”даги оилаларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш, уларнинг оёққа туришларига амалий кўмак кўрсатишдир.

Таъкидланганидай, сектордаги 4 575 та эҳтиёжманд оилада меҳнатга лаёқатли 5 017 нафар ишсиз аҳоли бўлиб, йил давомида уларнинг  4 874 нафари ишга жойлаштирилди. Уларнинг 4 391 нафари доимий даромадга эга бўлган бўлса, 483 нафари мавсумий ишларга жалб этилган. Қолган 143 нафар фуқарони ҳам доимий даромадли иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, пандемия даврида шароити оғир бўлган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” асосида иқтисодий аҳволи яхшиланган муҳтож оилаларни Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари қарори билан босқичма-босқич “темир дафтар”дан чиқариш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан иш олиб борилаяпти. Бугунги кунга қадар Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари асосида 2 973 оила “темир дафтар”дан чиқарилди.

Секторлар ишини ташкил этишда ҳар бир ҳудудга бошқа идоралардан доимий асосда иш олиб бораётган масъуллар бириктирилгани жуда самарали бўлди. Эндиликда ҳар бир секторда мавжуд масалалар билан шуғулланишга масъул бўлган банк, молия ташкилоти, меҳнат бўлими, ички ишлар ва прокуратура ходимлари юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ечишда кўмак кўрсатишмоқда. 

4-секторда амалга оширилган ишлар очиқ ва шаффоф ҳолда кенг жамоатчиликка намоён қилинмоқда. Бунинг учун камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш билан таъминлаш каби ишлар тўғрисидаги маълумотлар “saxovat.argos.uz” дастурига кундалик киритиб борилмоқда.

Секторларга қўйилаётган вазифалар кўлами кундан-кунга ортаётганлиги эса уларнинг халқ манфаати йўлидаги фаолиятини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Ушбу мақсадда ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда вилоят ДСБ ва туман инспекцияларида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларда ишларни мувофиқлаштирш бўлими этиб, қайта ташкил қилинди ҳамда шататлар сони оширилди.

Асосий мақсад – Президентнинг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини тўлиқ таъминлаш ва пировардида муҳтож қатламнинг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни тугатиш, муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга ҳисса қўшишдир.

Акрам Установ,

Жиззах вилояти ДСБ ҳудудларни комплекс

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича

секторларда ишларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи