Ғаллаоролда 15 нафар аёл қандай қилиб ўзини ўзи банд қилди?

Ғаллаоролда 15 нафар аёл қандай қилиб ўзини ўзи банд қилди?

Ўзини ўзи банд қилишнинг афзалликлари касб-ҳунарга эга, аммо расман иш билан банд бўлмаган фуқаролар учун жуда манфаатли. Шу сабаб Жиззах вилоятида ўзини ўзи банд қилганлар сони кун сайин ортиб бораяпти.

- “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими томонидан жойларда хотин-қизлар ўртасида касб-ҳунарга ўқитиш билан бирга уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича доимий тарғибот олиб борилаяпти, - дейди бўлим раҳбари Нозима Тугалова. – Жараёнда солиқ идоралари билан ҳамкорликда ўзини ўзи банд қилишнинг афзалликлари ҳам тушунтирилмоқда. Мазкур янгилик ҳунарманд хотин-қизларимизни жуда қизиқтиришига гувоҳ бўлиш мумкин. Бирон жойда расман ишламаса-да, ёшга доир пенсия билан таъминланиш ҳамда тадбиркорлик учун банк кредити олиш имкони,  албатта фуқаролар учун манфаатлидир.

Ғаллаорол туманида уюшманинг вилоят бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда 2021 йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича вилоятимизда амалга ошириладиган лойиҳалар, кредит ва субсидиялар бўйича  батафсил маълумот берилди. Тадбирда 15 нафар ҳунарманд аёлларга ўзини ўзи банд қилганлик гувоҳномалари топширилди.

Маълумот учун: Ғаллаорол туманида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 20 январь ҳолатига 2652 нафарга етиб, уларнинг  637 нафарини ёшлар ташкил этмоқда. Вилоятимиз бўйича 18290 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олди. 

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати