Ҳисобчи аёлларга Давлат солиқ қўмитаси раисининг ташаккурномалари топширилди

Ҳисобчи аёлларга Давлат солиқ қўмитаси раисининг ташаккурномалари топширилди

 Давлат солиқ хизмати - ҳалол ва интизомли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкоридир. Бу йил байрам муносабати билан вилоятимизнинг барча туманларида фаолият юритаётган  ана шундай солиқ тўловчилар вакиллари бўлган хотин-қизлар меҳнати муносиб эътироф этилди. Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармасида 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Унда турли мулкчилик шаклига эга тадбиркорлик субъектларида  бош ҳисобчи бўлиб ишлаётган 13 нафар аёлларга давлат солиқ қўмитаси раисининг ташаккурномалари топширилди.

 Тантанали ўтган тадбирда давлат солиқ хизмати идоралари билан ҳамкорликда ишлаётган ҳисобчилар меҳнатига юқори баҳо берилди.  Солиқ ҳисоботларини ўз вақтида ва сифатли топшириш, солиқ тўловларида қарздорликка йўл қўйилмаслиги энг аввало бош ҳисобчиларнинг ўз ишига сидқидилдан ёндошиши эвазига амалга ошади, дея таъкидланди.

 

  • Мен Дўстлик туманидаги “Улуғмуратов Азатулла” фермер хўжалигида ҳам раҳбар, ҳам ҳисобчи бўлиб ишлайман, - дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Юлдуз Холматова. – Давлат солиқ қўмитаси томонидан мен каби ҳисобчи аёлларга катта эътибор қаратилганидан жуда ҳам мамнунман. Ҳамиша солиқ идораларининг “яшил йўлаги”да бўлиш учун сидқидилдан меҳнат қилиб келганмиз. Тадбиркорлик субъекти қачонки солиқ идоралари билан ҳамкорликда ишлаб, зиммасидаги бурч ва мажбуриятларини бажарса, бизнесининг ривожланиши, гуллаб-яшнашига биринчи қадамни қўйган бўлади. Ана шундай интизомли солиқ тўловчилар сафида эканлигимиздан ва бугунги эътибордан бошим кўкка етди.

Арнасой тумани “Фермер кенгаши маркази” бош ҳисобчиси Гавҳар Абдусаломова бухгалтерия соҳасида атиги 2 йиллик тажрибага эга. Аммо тумандаги 34 та фермер хўжалигининг солиқ ҳисоботларини вақтида тайёрлаш, солиқ идоралари билан мунтазам ҳамкорлик қилиши боис Давлат солиқ қўмитаси раисининг ташаккурномасига муносиб деб топилди.

Солиқ тизимининг ишончли ҳамкорлари бўлган бухгалтер хотин-қизларга эсдалик совғалари топширилди.

Вилоят ДСБ Ахборот хизмати.