Бизнес-ҳамкор танлашда адашманг

Бизнес-ҳамкор танлашда адашманг

“Таҳлика-таҳлил” дастури асосида тадбиркорлик субъектларини таснифлаш, уларга зарур даражада солиқ хизматлари ва кўмак кўрсатиш –  давлат солиқ идоралари олдидаги муҳим вазифалардан бири. Айни кунларда давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркорлик субъектларида бўлиб, Солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилган янги сервис – контрагентни текшириб кўриш хизмати ҳамда лозим даражада эҳтиёткорлик  ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини ўтказишмоқда.

“Шерали махсус савдо” кўп тармоқли хусусий фирмаси 2007 йилдан  йилдан буён аутсорсинг хизматларини кўрсатиб келади. Вилоятдаги 9 та муассаса ушбу фирманинг таъминот хизматидан фойдаланади. Солиқ хизмати ходимлари мазкур субъектда бўлишиб, фаолияти шубҳали корхоналарни мустақил аниқлаш тизими ҳақида батафсил маълумот бердилар.

- Солиқ қўмитаси томонидан инсофсиз солиқ тўловчиларни аниқлаш механизмлари ишга тушгани бош ҳисобчилар, тадбиркорлар учун жуда катта қулайлик бўлди. Тизимни янада такомиллаштириш, солиқлардан қочиш ва “бир кунлик” фирмалар фаолиятига чек қўйиш ишлари изчиллик билан давом эттирилса, бу  ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўлар эди,  - дейди хусусий фирма бош ҳисобчиси Исмат Қўйсинов.

 Тадбиркорларнинг шубҳали корхона билан шериклик асносида қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда бюджетга тўламаслик ҳолатларига йўл қўймаслик учун солиқ идоралари, уларнинг ахборот тарқатиш манбаларидан хабардорлик зарур. Шу сабаб  вилоятимизда  "шубҳали" корхоналар билан молиявий алоқа қилган ҳолда қўшилган қиймат солиғини асоссиз ҳисобга олган корхона вакиллари билан учрашувларда Солиқ кодексининг тегишли моддалари юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам ўтказилаяпти.

-  Вилоят давлат солиқ бошқармасида реестрга киритилган шубҳали корхоналар билан операцияларни амалга оширган хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида масъул мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилган. Бугунги кунда Ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркорлар билан индивидуал тартибда суҳбат олиб бориб, масалаларга қонуний ечим топмоқда. Шунингдек, бундан буён лозим даражада эҳтиёткорликка амал қилиш юзасидан тавсия ва тушунтириш берилмоқда. Солиқ кодексининг 14, 15, 266-моддаларининг мазмун-моҳияти ҳақида тўла тушунча берилаяпти,  - дейди  ДСБ қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилиги бўлими бошлиғи Диёр Миллаев.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан шубҳали корхоналар билан «сохта» операцияларни амалга оширган  тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ўрганилганда, энг кўп ноқонуний операциялар қурилиш соҳасига тўғри келгани аниқланган. Мазкур соҳада кўп йиллардан буён фаолият юритаётган тадбиркор Ойбек Бўлтаков “Чиройли қурамиз” МЧЖ раҳбаридир. У “нақдлаштирувчи” фирмалар фаолиятига тўсиқ қўйиш ишлари юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Қурилиш соҳасида кўпгина маҳсулотлар хориждан экспорт қилинади. Натижада қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш босқичида ғирром шериклар туфайли алданиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. “Обналчи” фирмаларнинг хатти-ҳаракати ҳалол ва улар билан шериклик қилган тадбиркорлар фаолиятига таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу сабаб мамлакатимизда яширин иқтисодиётга қарши бошланган курашни, бунда солиқ идораларининг ҳиссасини кучайтириш лозим деган фикрдаман.

Давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари давомида инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг фаолиятини қонунийлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш, фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлишини рағбатлантирувчи иқтисодий механизмларни амалга ошириш борасидаги таклиф ва тавсиялар ҳам ўрганилмоқда.

ДСБ Ахборот хизмати