“Очиқ эшиклар куни”нинг илк иштирокчилари – ота-оналар

“Очиқ эшиклар куни”нинг илк иштирокчилари – ота-оналар

Вилоят давлат солиқ бошқармасида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди. Унга вилоят солиқ идораларида фаолият олиб бораётган 30 ёшгача бўлган ходимларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб фарзандлари ишлаётган бўлимлар, уларга бириктирилган устозлар ҳамда тизимда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Бошқарма раҳбарияти билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида ота-оналарга тадбирдан кўзланган мақсад хусусида батафсил маълумот берилди. Етук солиқ хизмати ходимини тарбиялашда ўзаро ҳамкорлик муҳим эканлиги, касбий ва инсоний фазилатларни юксалтиришда икки томоннинг ҳам бирдек масъуллиги таъкидланди. Ота-оналар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

 

“Очиқ эшиклар куни” тадбирини йил давомида ўтказиб бориш назарда тутилган. “Ота-оналар мажлиси” эса тизимга касбий ва инсоний фазилатларга бой ходимларни жалб қилиш мақсадида энг биринчилардан бўлиб ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, вилоят солиқ тизимида меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг иш столида оилавий фотосурат туриши анъанага кирган. Бу эса ҳар бир ходимга уни оиласи кутаётганини эслатиб туради.

Вилоят ДСБ Ахборот хизмати