Талабалар ва уларнинг ота-оналари учун қандай солиқ имтиёзлари бор?

Талабалар ва уларнинг ота-оналари учун қандай солиқ имтиёзлари бор?

Бугунги кунда аҳолини олий таълим олишга рағбатлантириш, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.
Улардан бири профессионал (касб-ҳунар) ва олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқувчи талабанинг контрактини тўловчи шахслар учун солиқ имтиёзи мавжудлигидир.

Бунда тўлов-контракт суммаси учун сарфланган пул маблағларидан даромад солиғи — 12 фоиз ундирилмайди. Ушбу имкониятдан фойдаланиб, фуқаролар маълум бир миқдордаги пул маблағларини тежаб қолишлари ва бошқа эҳтиёжлари учун фойдаланишлари мумкин.
Келинг, битта талаба учун контракт суммаси тўланганда, қанча пул миқдоридаги имтиёзга эга бўлиш мумкинлигини ҳисоблаб кўрамиз.
Масалан, 2022—2023-ўқув йили учун иқтисод соҳасида ўқиётган талабанинг контракт суммаси 9 129 930 сўмни (бакалавриат кундузги, стипендиясиз) ташкил этади.
Ушбу имтиёздан фойдаланган ҳолда биз бир йилда 1 095 591 сўмни тежаб қолиш имкониятига эга бўламиз.
Имтиёздан кимлар фойдалана олади?
Мазкур имтиёздан қуйидаги одамлар фойдаланиши мумкин:

  • ёшидан қатъи назар расман ишлаётган талабалар;
  • фарзанди шартнома асосида таҳсил оладиган ота-оналар (бунда фарзанд 26 ёшга тўлмаган бўлиши зарур);
  • турмуш ўртоғи шартнома асосида ўқийдиган шахслар (таҳсил олаётган шахс 26 ёшга тўлмаган бўлиши зарур).

Шунингдек, ушбу имтиёздан агар таълим кредити олинган бўлса, кредитни (фоизлари билан) қоплаш учун сарфланаётган даромадларга нисбатан ҳам фойдаланса бўлади.
Солиқ имтиёзидан қай тартибда фойдаланилади?
Ушбу имтиёздан фойдаланиш учун давлат солиқ хизмати органларига жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни топшириш лозим.
Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация солиқ инспекциясига шахсан ташриф буюрилганда, почта орқали ёки онлайн электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда давлат солиқ органининг тегишли бўлимига топширилади.
Агар почта орқали топшириладиган бўлса, буюртма хат шаклида жўнатилади. Интернет тармоғи орқали электрон декларация топшириш учун эса қуйидагилар амалга оширилади:
Электрон рақамли имзо (ЭРИ) олинади. Бунинг учун фуқаролар исталган Давлат хизматлар марказига ташриф буюриб, шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ва ЭРИ олиш учун имзоланган ариза тақдим этилади.
ЭРИ билан солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталига - my.soliq.uz кириб, интерактив хизматлар орасидан «Солиқ декларациясини юбориш» хизмати танланади.
Ҳосил бўлган ойнада керакли маълумотлар босқичма-босқич киритилади ва натижада электрон Декларация топширилади.
Имтиёздан фойдаланиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади:

  • жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация;
  • тўлов-контракт шартномаси;
  • банк транзит ҳисоб рақами (23120... дан бошланадиган ҳисоб рақам);
  • таълим кредитини олиш бўйича банк билан тузилган шартнома (таълим кредити олинган ҳолатда);
  • таълим ташкилоти ҳисобрақамига (таълим кредити қопланганда тижорат банки ҳисобрақамига) маблағ мустақил тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • солиқ имтиёзидан фойдаланаётган шахснинг (талаба, ота-она ёки турмуш ўртоқ) паспорт нусхаси.

Қўшимча равишда, имтиёздан ота-она фойдаланаётган бўлса таълим олувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси; турмуш ўртоқ фойдаланаётган бўлса никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси керак бўлади.
Имтиёз неча кунда ва қандай шаклда ажратилади?
Солиқ имтиёзидан фойдаланиш учун 1 апрелгача ҳужжатларни топшириш зарур. Масалан, 2022 йил учун 2023 йил 1 апрелгача барча ҳужжатлар давлат солиқ хизмати органларига топширилади.
Ҳужжатлар солиқ органига топширилгач, камчиликлар ёки бошқа солиқ туридан қарздорлик бўлмаса, белгиланган даромад солиғи суммаси 15 кун ичида жисмоний шахснинг банк картасига қайтарилади.
Фуқаролар ушбу солиқ имтиёзидан 5 йилгача бўлган муддатда фойдаланишлари мумкин. Дейлик, сиз фарзандингиз таълими учун тўрт йилдан бери контракт суммаси тўлайсиз, аммо бу имтиёз ҳақида хабарингиз йўқ эди. Бундай ҳолатда ҳам аввалги йилларда тўлов-контракт суммаси учун сарфлаган пул маблағларингиздан ҳисобланган даромад солиғи суммасини қайтариб олишингиз мумкин бўлади.
Мақолада Марказий банкнинг «Finlit.uz» сайтидаги маълумотлардан фойдаланилди.