Онлайн назорат касса машинаси безак эмас ундан фойдаланиш зарур

Онлайн назорат касса машинаси безак эмас ундан фойдаланиш зарур

Яқиндагина республика бўйлаб ўтказилган ютуқли чек ўйини давомида истеъмолчилардан онлайн назорат касса машинаси билан жиҳозланган савдо нуқталарида мазкур касса машинаси чекининг берилмаслиги масаласида мурожаатлар кўплаб кузатилди. Ўйинларда иштирок этиш учун фақатгина шу турдаги назорат касса машинасининг чеки рўйхатдан ўтказилиши боис тадбиркорларнинг  бу борадаги масъулиятини ошириш жуда ҳам зарур.

Аслида ютуқли чек ўйинларини ўтказишдан мақсад ҳам харидорларнинг ҳар бир харид учун касса чекини талаб қилишларига ўрганишлари ва сотувчилар масъуллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтиришдир. Бунга эришишда солиқ идораларининг назорат функциясидан ўз ўрнида фойдаланиш ҳам муҳим.

Бугунги кунда Жиззах вилояти бўйича нақд пул тушумига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат касса машинасидан фойдаланишга босқичма босқич ўтказиш режаси ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг 27 октябрь ҳолатига жами 1870 та тадбиркорлик субъекти тўлиқ онлайн назорат касса машинаси билан жиҳозланди.

Аммо ўрнатганига қарамай, ундан фойдаланмаётган, бирор марта ҳам касса чекини урмаган савдо нуқталари ҳам мавжудки, бу билан яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришнинг имкони йўқ. Шу сабаб вилоят Давлат солиқ хизмати идоралари томонидан доимий  назорат  тадбирлари ўтказилмоқда. 24 ноябрь ҳолатига кўра, “Soliq-hamkor” тизими орқали 123 та мурожаат қайд этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири тегишлилигича ўрганилди. Шунингдек, солиқ идоралари томонидан 18 та назорат тадбири ўтказилди.

Шу билан бирга ҳар бир онлайн НКМ ўрнатилган савдо нуқтаси “Ушбу шохобчада ютуққа эга бўлишингиз мумкин” мазмунидаги стикерлар ёпиштириб чиқилди. Бу  харидорларнинг онлайн назорат касса машинаси чекини қаердан олишлари мумкинлиги ҳақидаги саволларига мақбул жавобдир.  

Эслатиб ўтамиз, агар сотувчи харидорга назорат касса машина чекини беришдан бош тортса, бунинг учун жавобгарлик мавжуд.

Агар Сиз тўлов учун чек берилмаслик ёки назорат-касса машиналаридан фойдаланиш талаблари бузилиши ҳолатларига дуч келсангиз, қуйидаги манбалар орқали Давлат солиқ хизматига мурожаат қилинг:

– Soliq мобил иловасининг “Soliq-hamkor” бўлими;

– Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали - my.soliq.uz

– телеграм бот - @soliq_hamkor_bot орқали

  • Вилоят ДСБ - Ишонч телефони – 222 07 00

Қонунчиликда белгиланган муддатларда тўловларнинг онлайн тизимидан фойдаланишга ўтмаслик ёки фойдаланиш талабларини бузиш 5 млн. сўмдан 20 млн. сўмгача жаримага сабаб бўлади. (Солиқ Кодекси. 221-модда)

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати