Кўза кундамас, кунида синади
Ҳалол тадбиркорлик деганда нафақат истеъмолчиларга сифатли ва виждонан хизмат кўрсатиш, балки энг аввало тушумларни яширмаслик, солиқ тўловларидан қочмаслик тушунилади. Аммо айрим умумий овқатланиш шохобчаларида айни шу талаб бузилмоқда.
Жиззах – Зарбдор йўлида жойлашган “Olmazor-city” чойхонаcи ҳамиша гавжум. “Ал-марва зиё” МЧЖга қарашли ушбу умумий овқатланиш шохобчаси солиқ идораларининг “қизил йўлаги”га тушиб қолди. Шароф Рашидов тумани ДСИ томонидан мазкур овқатланиш шохобчаси фаолияти бўйича “Таҳлика-таҳлил” дастури асосида сайёр солиқ текшируви ўтказишга асос бўлди.
Ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижасида 12 январь ҳолатига харидорга 45000 сўм учун харид чеки берилмагани ҳамда онлайн назорат касса машинаси хотирасига 760 минг сўм кирим қилинмагани аниқланди. Ҳолат юзасидан гувоҳлар иштирокида далолатнома тузилди.
Мазкур ҳолат юзасидан МЧЖ раҳбарига нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилмоқда. Шунингдек, МЧЖга нисбатан молиявий жарима ҳам қўлланилади.
Ўйлаймизки, бу ҳолат умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган қолган барча тадбиркорлик субъектлари учун ҳам хулоса қилиш учун етарли бўлади.