Ютуқли чек ўйинларида совринлар сони кўпайди

Ютуқли чек ўйинларида совринлар сони кўпайди

Хабарингиз бор, 2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан оммабоп ижтимоий лойиҳа – ютуқли чек ўйинлари ташкил этилган эди. Фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш, харид чеки талаб қилишни оммалаштириш ва бу орқали савдо маданиятини ва истеъмолчилик ҳуқуқларини мустаҳкамлаш  ютуқли чек ўйинларидан кўзланган асосий мақсаддир.

Бу мақсадда 2020 йил давомида олтита тираж ўйинлари ўтказилиб, уларнинг сўнгги иккитасида бутун республика бўйлаб рўйхатдан ўтказилган чеклар иштирок этди. Бунга қадар эса эксперимент тариқасида фақат Тошкент шаҳридаги онлайн назорат касса машиналари ва виртуал касса билан жиҳозланган савдо нуқталарида берилган харид чеклари ўйналган эди.

Давлат солиқ қўмитаси 2021 йилда ҳам мазкур лойиҳа давом этишини билдириб, совринлар рўйхатига ўзгаришлар киритилганини маълум қилди. Яъни ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ҳар бир тиражда 25 та соврин ва битта “Спарк” автомобили ютуқ сифатида ўйналади.

Ўйин шартлари ўша-ўша: ўзингиз яшаб турган ҳудуддаги онлайн назорат касса-машинаси билан жиҳозланган савдо нуқтасида харидни амалга оширинг. Бу йирик супермаркетлар, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, дорихоналар ва бошқа савдо нуқталари бўлиши мумкин. Хусусан, Жиззах  вилоятида бундай касса машинага эга жойларнинг “Бу ерда харид қилиб, ютуққа эга бўлишингиз мумкин” мазмунидаги ёрқин рангли стикерлар ёпиштирилганига аҳамият беринг.

QR-кодли харид чекини “Soliq” ёки “Payme” мобил иловаси орқали сканер қилинг ёхуд 12 хонали фискал белгини 1077 рақамига  SMS қилиб юборинг.

Ютуқли чек ўйинлари ҳар ой якунида ўтказилади. Омадли харид эгалари кичик харид эвазига қимматбаҳо маиший техника буюмлари ва ҳаттоки автомобиль соҳибига айланишлари мумкин. Харид чекини талаб қилинг, фаол фуқарога айланинг, омадингизга ишонинг!

Жиззах вилояти ДСБ ахборот хизмати