Номи ДСҚнинг “қора рўйхати”дан чиққан “Ўзбекистон темир йўллари” баёнот берди

Номи ДСҚнинг “қора рўйхати”дан чиққан “Ўзбекистон темир йўллари” баёнот берди

Давлат солиқ қўмитаси шубҳали ҳаракатларни амалга оширган “обналчи фирма”лар билан сохта битимлар тузган давлат корхоналарини эълон қилганди. Рўйхатнинг бошида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ жой олганди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўз номининг бу рўйхатга киритилгани юзасидан расмий баёнот берди. Унда компания ўзини зарар кўрган ташкилот дея атаган.

“Куни кеча бир гуруҳ тадбиркорлик субъектлари солиқ идоралари хатти-ҳаракатига норозилик билдирганларидан барчанинг ҳабари бор. Ушбу “охирига етмай” кўрилган чоралардан зарар кўрган йирик ташкилотлар сафида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳам бор эди”, дейилади баёнот аввалида.

Қайд этилишича, талабга мувофиқ ҳар бир битимнинг қонунийлиги ва ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, контрагентни танлашда лозим даражада эҳтиёткорлик қилганлигини ва мол етказиб берувчининг ўз шартномавий мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилган.

Ҳар бир ҳолатни алоҳида чуқур танқидий кўриб чиқилиши натижасида тақдимномада келтирилган 18,8 млрд сўмлик ҳолатдан 530 млн сўмлик шартномаларида (яъни 2,8 фоиз) битим тузган маҳсулот етказиб берувчи ташкилотлар тўлашлари лозим бўлган қўшимча қиймат солиғини тўламаганликлари аниқланган.

“Инсофсиз тадбиркорлар томонидан тўланмаган 69 млн сўм қўшимча қиймат солиғи айбдор шахслардан ундирилди ва ўрнатилган тартибда солиққа йўналтирилмоқда.

Ачинарлиси шундаки, шубҳали контрагентлар билан тузилган шартномаларнинг аксарият қисми товар хом ашё биржаси савдо платформалари орқали расмийлаштирилган. Ушбу йўналишда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Давлат солиқ қўмитасига контрагентларни ишончли солиқ тўловчи корхоналиги ўрганилганидан сўнг товар хом ашё биржаси савдо платформаларига қўйилиши бўйича ўз таклифини киритди.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ўзининг “ишончли солиқ тўловчи” имижини сақлаб қолиш йўлидаги саъъй-ҳаракатларини давом эттиради”, дейилади жамият ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Қўшимча қиймат солиғи бўйича можарога сабаб бўлаётган “обналчи фирма”лар хизматидан жами 206 нафар давлат корхонаси фойдаланган.