Мен Шомуродовдан қўрқяпман!

Мен Шомуродовдан қўрқяпман!

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2022 йилги жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубоги қўшма саралаш турнирининг Саудия Арабистонида ташкил этилган босқичини муваффақиятли бошлади.

Вадим Абрамов бошчилигида футболчиларимиз Сингапур миллий терма жамоасини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, гуруҳда иккинчи ўринни мустаҳкам ўрнашиб олди. Мамлакатимиз бош жамоаси навбатдаги учрашувни 11 июнь куни Яман футболчиларига қарши ўтказади.

Ижтимоий тармоқларда Яман жамоаси мухлислари бўлажак учрашувга доир муносабатларини билдирмоқда.
Эътиборингизга хорижлик футбол ишқибозларининг Яман – Ўзбекистон ўйинига оид фикр-мулоҳазаларини ҳавола этамиз.

Sarah Aziz: Биз охирги учрашувда саудияликлардан 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олдик. Ўзбеклар эса Сингапурни 5:0 ҳисобида “сочиб ташлади”. Мен ўзбеклар бизнинг терма жамоамизга қанча гол уришини ўйлаб, даҳшатга тушяпман. Чунки биз мусобақа жадвалида Сингапурдан ҳам қуйида жойлашганмиз.

AtifAbKarim1: Жуда оғир даврларни бошдан ўтказаётганимизни инобатга олиб, футболчиларимиз мухлисларни хурсанд қилишга уриниб кўришига ишонгим келади.

Wazir Askari: Бўлажак учрашувда энг муҳим вазифа Италия чемпионатида порлаётган Элдор Шомуродовни “ёпиш” ҳисобланади. Унга ўйин бермасак, уларнинг жамоаси у қадар хавф сола олмайди.

Lami Haile: Энг муҳими, ўтган ўйиндаги каби 5:0 ҳисобида ютқазмаслик. Ўзбекистон ҳозир жуда кучли жамоага айланган.

Lamido Chiroma: Биз ушбу саралаш турнирида жаҳон чемпионати иштирокчиси – саудияликлар билан дуранг ҳам ўйнагандик. Ўйлашимча, биз бу гал Ўзбекистон билан ўйинда ҳам мўъжиза кўрсата оламиз.

Haroon Alkadasi: Мен Элдор Шомуродовдан қўрқяпман. Шунингдек, Жалолиддин Маҳариповдан ҳам. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бу икки юлдузи Сингапур дарвозасига учта гол урди. Бизга эса, ундан ҳам кўп гол урса керак!

Ahmed Al-junid: Уларнинг терма жамоасида Италия А Серияси ва бошқа кучли чемпионатларда ўйнайдиган футболчилар бор. Бизда эса футболга эътибор йўқ. Учрашув натижаси ҳозирдан маълум.

Mohammed Taqiuddin: Бизни яна бир қақшатқич мағлубият кутяпти. Ўзбеклар ҳозир анча кучайган!

Ўзбекистон ва Яман терма жамоалар ўртасида 2019 йилнинг 10 октябрида Тошкентда бўлиб ўтган биринчи учрашувда ҳамюртларимиз рақиб дарвозасига жавобсиз бешта гол киритган эди. Ўша беллашувдаги голлар Санжар Қодирқулов, Элдор Шомуродов, Жамшид Искандеров, Ислом Тўхтахўжаев ва Игорь Сергеев ҳисобига ёзилган.

Навбатдаги учрашув 11 июнь куни Тошкент вақти билан 23:00 да бошланади.