Шармандаликдан кейинги саволлар: Абрамов қачон истеъфога чиқади?


Қўрқинчли тушга ўхшаса ҳам, бу реал ҳаётда содир бўлди.
Тарихда илк бор мундиал саралашининг 2-босқичида қолиб кетдик. Вазиятни яхшироқ тушунишингиз учун айтаман: Ливан, Уммон ва Вьетнам сингари жамоалар кейинги босқичга чиқди, Тожикистон термаси биздан юқори ўринга жойлашди(!).

Тошкентда март ойининг охирида Ироққа қарши ўтказилган халқаро ўртоқлик учрашувидаги мағлубиятдан кейин миллий жамоамиз устози нималарга қодирлигини июнь ойида кўрсатишини айтганди. Мана, у айтган июнь ойида турибмиз. Мураббий эса футболимиз тарихидаги антирекордни ўрнатишдан бошқа нарса қилмади. Шу туфайли Вадим Карленовичга олиб қўйган саволларимизни бериш вақти келди, деб ўйладик.
Вадим Карленович, ...
1. ... ҳал қилувчи баҳсларга тайёрланишингиз учун ташкилотчилик томонидан қандайдир камчилик бўлдими?
Маълумот учун, сизга бутун дунёда терма жамоалар тин олган 2020 йилда ҳам 6 та ўйин ташкил қилиб берилган эди. 2021 йил ҳақида гапирмай қўя қоламиз.
2. ... ўртоқлик ўйинларида энг кўп майдонга туширганингиз, рақобатдан ҳоли футболчилар сифатида таассурот қолдирган Исломжон Қобилов, Санжар Қодирқулов сингари номлар ҳал қилувчи баҳсда майдонда кўринмади?
Маълумот учун, Яман ва Синпурга қарши ўйинни асосий таркибда бошлаган Умарбек Эшмуродов 2020 йилги йиғинлар давомида умуман майдонга туширилмаган.
3. ... "Бунёдкор" кийим алмаштириш хонасида нима қилдингиз?
14 май куни "Бунёдкор" Суперлиганинг 8-турида АГМК меҳмони бўлди. Ўша ўйиннинг танаффусига "қалдирғочлар" 1 киши ва 1 та тўп устунлиги билан чиқиб кетишди. "Бунёдкор" 2-таймда жавобсиз 3 та гол ўтказиб юборди. Кейинчалик "Championat.asia"нинг "Эшитдик-да!" рукни танаффусда Вадим Карленовичнинг "қалдирғочлар" кийим алмаштириш хонасида бўлгани ҳақида хабар берди. 
Миллий жамоа устозининг бутунлай бошқа клуб кийим алмаштириш хонасига кириб бориши ҳам қизиқарли, ҳам шубҳали. Ўша клубнинг бунга қаршилик қилолмаслиги эса ўта кулгили...
Энг қизиғи, ўша хабарни на ЎФА, на "Бунёдкор" томони рад қилди. Демак, маълумот тўғри бўлган ва ассоциация ўзи чиқарган қарорнинг менсилмаслигига қарши эмас.
4. ... сўнгги 1 йилда Суперлигада 1 дона ҳам самарали ҳаракат қилолмаган ёқимтой вингерингиз Шоҳбоз Умаров ёки Хуршид Ғиёсовдан кучлироқ эканига ишонадиган даражада аҳмоқмисиз? Ёки Икромов аммангизнинг ўғли бўладими? (Аслида, у қадрдонингиз Юрий Белоуснинг мижози эканини биламиз)
5. ... Фаррух Сайфиевни қандай асос билан терма жамоадан четлатдингиз?
6. ... Саудия Арабистони билан ўйинга туширилган таркибни ростан ҳам ўзингиз танладингизми? (Оламда миш-миш юрибди: бу ишда 14-сонли болалар боғчаси тарбияланувчиларининг қўли бор эмиш) Бу таркиб орқали нимани мақсад қилган эдингиз?
7. ... сўнгги йилларда ўнг қанотнинг ҳақиқий эгасига айланган Ҳамдамов нега захирада қолди ва нега яна захирага олинди?

8. ... қачон истеъфо берасиз?
P.s. Афсуски, ҳар қанча ёқимсиз бўлса ҳам, бу воқеа содир бўлди. Мутахассис юқоридаги саволларимизнинг барчасига жавоб қайтаришига умид қиламиз. Аммо, бу шармандаликнинг ягона айбдори Вадим Абрамов эмаслигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Айбнинг 50 фоизи уникидир, ортиқча эмас. 
Мазкур мутахассис терма жамоа бошқарувига қандай қилиб қайтгани ёдингиздами? Эслатаман, бутун халқ, мухлислар шуни талаб қилганди. Ўзимиз пиширган ош...

Майдонда тўп тепаётган футболчилар мураббийдан-да кўпроқ айбдорлар. Боиси шундаки, ўйинни улар ютқазишди. Аргентиналик мутахассис қўл остида танг аҳволдаги Фаластинга ютқазган ҳам, Карленовични қайтарган ҳам улар эди. Тожикистондан орқада қолганлари, Уммон эплаган вазифани уддалай билишмагани учун футболчиларнинг юзлари кўпроқ қизариши керак аслида. Ҳар ҳолда мен жуда-жуда уяляпман.
скачать dle 12.0


Фикрлар (0)

изоҳ қўшинг