Диёр Имомхўжаев: Абрамовга на шахс на инсон сифатида ишонмайман. У тайёр етишиб турган "лола"ларга гулни узадиган боғбон бўлиб келди

Диёр Имомхўжаев: Абрамовга на шахс на инсон сифатида ишонмайман. У тайёр етишиб турган "лола"ларга гулни узадиган боғбон бўлиб келди

Хабарингиз бор, "Futbol TV" телеканалида "Offside" лойиҳаси доимий эфирга узатилиб келинади. Кўрсатувнинг навбатдаги сонида ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев меҳмон бўлди. Дастур давомида Имомхўжаев Вадим Абрамовнинг терма жамоа ва "Бунёдкор"даги фаолияти, қолаверса, футболимиздаги камчиликлар ҳақида гапирди.

– Ўзбекистон терма жамоасини кейинги босқичга чиқа олмаслигини олдиндан билганмидингиз ёки бу борада тахмин қилганмидингиз?
– Тўғрисини айтаман, тахмин бўлган. Олдиндан билишнинг иложи йўқ. Бир дақиқадан сўнг нима бўлишини билмайсиз. Лекин менда ички хавотир Абрамов тайинланганидан бошланган. Ўша-ўша ҳалигача бор. Шунинг учун кутилмаган, оламшумул, "вой-дод" дейдиган нарса бўлмади, мен учун.

– Хорижлик мутахассиснинг кетиши ва унинг ўрнига Абрамовнинг қўйилишини тўғри, деб ўйлайсизми?
– Кўпчилик бизга ҳужумкор футбол ярашади, деб айтади. Менга ҳам ёқади ҳужумкорлик, зўр. Мана, мисол учун кеча боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев ҳужумкор бокс намойиш этди ва битта зарба қўйиб юборганидан кейин нокаутга тушиб қолди. Футбол ҳам деярли шундай нарса. Унда уришни билган одам калтак ейишни ҳам билиши керак. Саудия Арабистони иккита ўйин билан Купернинг фалсафаси тўғри эканлигини кўрсатди. Тошкентга келиб 3та урди, ўзининг Ар-Риёдида ҳам шунча гол киритди.

Фақат гол уришни билишимиз, олдинги чизиқ ва ярим ҳимояга ишонган билан иш битмаслигини ҳамма билади. Шунинг учун Купер ишни ҳимояни тўғрилашдан бошлаётганди. Бизнинг "аварийний" ҳолатимиз ҳимояда эканлигини у биларди. Жаҳон чемпионати йўлидаги бизнинг потенциал рақибларимиз: Япония, Австралия, Эрон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея билан ҳужумкор ўйнай оламизми? Улар билан ҳужумкор ўйнашга жуда ҳам қийналамиз. Оддий мисол, Кореянинг энг яхши футболчилари Англия, Испания ёки Италияда ўйнайди.

Бизнинг термадаги ўйинчиларимиз эса Кореянинг биринчи лигасида ҳаракат қилади. Уларни ерга урмасдан айтмоқчиман-ки, салоҳиятимиз шу даражада бўлгандан кейин қандай қилиб ҳужумкор ўйнаймиз. Ҳимояни унутмаслигимиз керак эди. Абрамов ҳимояланишни биладиган мураббий эмас. Ўзбекистонни икки марта Олимпиададан мосуво қилганда, клубларда ишлаганда 6талаб голлар ўтказиб юборганда у буни бир неча бор исботлаб бўлган. У ҳақиқий "авантюрист" мураббий. Шунинг учун мен унга ҳеч қачон на шахс сифатида, на мураббий сифатида ишонганман. Бундай одамга ишонмайман ҳам.

– Купер кетганидан сўнг унинг ўрнига Карленовичдан бошқа номзодлар ҳам бормиди? Абрамовнинг тайинлаиниши "Бунёдкор"ни тубдан олиб чиққани билан боғлиқми?
– "Бунёдкор" қачон тубга тушиб кетганди? Мен футбол оламидаги одамман. Академияси, тайёр кадрлари бор, болалари доим етишиб турадиган клубни ким тубга тушириб юборди? Тушунмайман, Абрамов нимасини олиб чиқди. У тайёр етишиб турган, ўсиб турган "лола"ларга гулни узадиган боғбон бўлиб келди. "Бунёдкор" ва "Насаф"ни йўналиши битта, жуда ўйинчисиз қолиб кетган тақдирда ҳам, бир чеккада қурол сақланадиган омбори бор. Яъни, футболчи чиқиб туради. У ўйинчилар билан Суперлигадан тушиб кетмаслик ҳақида ўйласа бўлади, ҳаттоки. Абрамов ўша жамоага келди ва тайёр футболчиларни ўйнатди. Бу тубдан олиб чиқиш эмас.

Унинг "Нефтчи"да қандай ишлагани яхши эслайман. Фарғоналик мухлислар ҳам эсласа керак. "Локомотив"да ишлагани ҳам ёдимда. Клуб миқёсида нима оламшумул иш қилди? Балки ўша вақтда "Бунёдкор"га бошқа мутахассис келганда, ундан ҳам яхшироқ ишлаши мумкин эди. "Андижон"га бориб ишласинда, 4-5 ўринни эгалласин ёки "Бухоро"ни Суперлигага олиб чиқсин. Шунда тубдан олиб чиқди дейиш мумкин.