Ўзбекистон AIBA байроғини қабул қилиб олди

Ўзбекистон AIBA байроғини қабул қилиб олди

25 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербия пойтахти Белград шаҳрида ўтган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этган делегациямиз Тошкентга қайтиб келди.

Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди. Маросимида Ўзбекистон бокс федерацияси, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари ва мухлислар иштирок этишди.

Таъкидлаш жоиз, жаҳон чемпионатида Абдумалик Халаков кумуш, Мадияр Саидраҳимов эса бронза медалини қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов кейинги жаҳон чемпионати мезбони сифатида Халқаро бокс ассоциацияси AIBA байроғини қабул қилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил пойтахтимиз илк бор катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.