«Насаф» БАА клубини мағлуб этиб, ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олди

«Насаф» БАА клубини мағлуб этиб, ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олди

Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига ўтиш плей-офф баҳси доирасида Қаршининг «Насаф» клуби Бирлашган Араб Амирликларида маҳаллий «Банияс» клубига қарши саф тортди.

Абу-Дабидаги «Baniyas Stadium»да кечган бир ўйиндан иборат учрашувда ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш йўлланмаси тикилган эди. БАА чемпионатининг 6-ўринидаги жамоага қарши учрашувда «Насаф» рақибидан кучли эканини кўрсата олди.

Учрашувнинг 27-дақиқасида қаршиликларнинг россиялик легионери Иван Соловьевнинг ўнг қанотдан узатган тўпини чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев рақиб дарвозасига жойлаб, ҳисобни очди – 1:0.

Иккинчи бўлимнинг 75-дақиқасида эса «Насаф» ёш тўпурари Ҳусайн Норчаев ажойиб зарбаси билан фарқни иккитага ошириб, Рўзиқул Бердиев шогирдларининг ишончли ғалабасини таъминлади – 2:0.

Шу тариқа, «Насаф» ўтиш ўйинини муваффақиятли ўтказиб, жорий мавсумда Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган иккинчи клубга айланди. Шу билан бирга Қарши клуби ўтган йилги Суперлига вице-чемпиони Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасини ОФК Кубогида қатнашишига сабаб бўлишди.

ОЧЛ плей-офф ўтиш баҳси.
«Банияс» (БАА) – «Насаф» - 0:2

Голлар: Шерзод Насруллаев 27, Ҳусайн Норчаев 75.
Бош ҳакам: Али Сабаҳ (Ироқ)
«Банияс»: 55. Фаҳад Ал-Дҳанҳани, 17.Али Исса (45.Аҳмад Робия, 66), 4.Холид Ал-Ҳошими, 31.Саша Ивакович, 52.Ҳусайн Аббос, 23.Хамис Солиҳ, 7.Фаваз Авана, 10.Николас Хименес, 11.Гастон Суарес, 18.Суҳайл Аҳмад, 70.Муҳаммад Рашид (42.Аҳмад Абунамус, 75).
«Насаф»: 1.Умиджон Эргашев, 8.Дилшод Саитов, 4.Ҳусниддин Алиқулов, 92.Умар Эшмуродов, 34.Шерзод Насруллаев, 7.Шароф Муҳитдинов (18.Баҳром Абдураҳимов, 68), 22.Акмал Мозговой, 88.Марко Станоевич, 77.Ойбек Бозоров (Алибек Давронов, 90), 9.Иван Соловьёв (17.Суҳроб Нуруллоев, 60), 10.Ҳусайн Норчаев (99.Семир Смайлагич, 90).