Россия Евро—2028 ва Евро—2032 мезбонлиги учун ариза топширди. УЕФА бунга рад жавоби бериш чораларини қидирмоқда

Россия Евро—2028 ва Евро—2032 мезбонлиги учун ариза топширди. УЕФА бунга рад жавоби бериш чораларини қидирмоқда

Россия 2028 ёки 2032 йилги Европа чемпионатини ўзида қабул қилмоқчи ва бу борада УЕФАга ариза топширди.

The Telegraph хабарига кўра, УЕФА раҳбарияти Россиянинг Евро—2028 га мезбонлик қилиш таклифини рад этишга уриниб кўриш учун шошилинч йиғилиш ўтказади. Ташкилот Россиянинг ушбу таклифини биринчи босқичда рад эта олмаслигини тушунмоқда. Қайд этилишича, ҳозирги сиёсий нотинч вазиятда Россияда халқаро мусобақалар ўтказишни «тасаввур қилиб бўлмайди».

Евро—2028 ва Евро—2032 мусобақалари мезбонлиги учун ариза топшириш муддати 12 апрелга қадар узайтирилган. Аввалига бу муддат 23 мартгача қилиб белгиланганди. Турнирлар қайси давлатларда ўтказилиши ҳақидаги қарор 2023 йил сентябрь ойида қабул қилинади.

Маълумот учун УЕФА 2028 йилдан Европа Чемпионати иштирокчилари сонини 32 тага етказмоқчи.

Бунгача Халқаро бокс ассоциацияси (IBА) россиялик ва беларусликлар боксчиларга халқаро мусобақаларда қатнашишни тақиқлаганди, Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO), Халқаро бокс федерацияси (IBF), Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC), Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) Украинадаги вазият туфайли Россиядаги жангларни тан олмаслигини маълум қилганди. ФИФА Россия футбол терма жамоасини ЖЧ—2022 ўтиш ўйинларидан, УЕФА эса рус клубларини Еврокубоклардан четлатган эди.