«Барса» футболчиси ҳушсиз ҳолда олиб чиқиб кетилди

«Барса» футболчиси ҳушсиз ҳолда олиб чиқиб кетилди

Испания чемпионатининг 36-туридан ўрин олган «Барселона» ва «Сельта» жамоалари ўртасидаги учрашувда каталонияликлар ҳимоячиси Роналд Араухо майдондан ҳушсиз ҳолда олиб чиқиб кетилган.

Гап шундаки, у ўйин пайтида жамоадоши Гави билан тўқнашиб, чимга йиқилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгач, футболчи ҳушига келган. Аммо уни тез ёрдам машинасига қўйишганда оғзида нафас олдиришга мўлжалланган махсус ускуна бор эди.

«Барселона» клуби ахборот хизматининг хабарига кўра, Араухода мия чайқалиши бўлган ва у айни пайтда шифохонада даволанмоқда. «Барса» шу ўйиндаги 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан 2-ўринни деярли нақд қилиб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Дания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кристиан Эриксен Евро-2020 доирасида Дания – Финландия (0:0) ўйини вақтида ҳушини йўқотиб, майдонга йиқилганди. Ҳозир у соғайиб, Англиянинг «Брентфорд» жамоасида ёрқин ўйин намойиш этяпти.

Шунингдек, «Барселона» ҳужумчиси Серхио Агуэро 12-турдан ўрин олган «Алавес»га қарши ўйиннинг (1:1) биринчи бўлимида ўзини ёмон ҳис қилиб, кутилмаганда майдонга йиқилган ва шундан сўнг футболни тарк этишга мажбур бўлганди.