Бу жамоа Шомуродов трансферини нега сир тутяпти?

Бу жамоа Шомуродов трансферини нега сир тутяпти?

Жозе Моуриньо воз кечган футболчилардан Элдор Шомуродов трансферига оид хабарлар кўпайиб бормоқда. Ҳужумчимизга асосан А Сериянинг ўртамиёна жамоалари даъвогарлик қилмоқда.
Италиялик машҳур инсайдер Жанлука Ди Марцио Шомуродов ўзига оғиз солаётган жамоалардан “Болонья”га ўтаётгани ҳақида маълум қилди. “Болонья” раҳбарияти журналист тарқатган хабарга муносабат билдирди.
Клуб спорт директори Жованни Сартори Элдор Шомуродов трансфери бўйича вазиятга ойдинлик киритишни сўраб, ўзига мурожаат қилган оммавий ахборот воситаларига “Афсуски, Шомуродов масаласида бирор изоҳ беролмайман”, деб жавоб қилгани келтирилмоқда.
Яқин ўтмишда Италия футболининг юлдузи бўлган ва айни пайтда “Болонья” бош мураббийи бўлиб ишлаётган Марко Ди Вайо ҳам Элдорнинг маҳоратига ижобий баҳо бериб, оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Шомуродов жуда яхши ўйинчи. Лекин унинг “Болонья”га трансфери ҳақида матбуотда ёзилаётган хабарларни шарҳламай турганим маъқул, - деди Марко Ди Вайо.

Хорижлик журналистлар “Болонья”нинг ҳар икки мутахассиси Шомуродов трансферини инкор қилмаганига эътибор қаратмоқда. Хусусан, ўзбекистонлик ҳужумчига “Сампдория”дан қизиқиш борлиги ҳақида хабарлар чиқиши билан Генуя клуби расмий жавоб билан миш-мишлар тарқалишини олдини олганди.
Биздан “Сампдория” Шомуродовни олмоқчи экани ҳақида сўрашмоқда. Ҳозирча, бундай режамиз йўқ, - деди Генуя клуби спорт директори Даниэле Фаджиано.

“Болонья” эса бундай қилгани йўқ. Улар трансферни сир тутаётгандек кўринмоқда. Чунки аксарият оммавий ахборот воситалари ва инсайдерлар ўз манбаларидан олган маълумотларда “Болонья” Шомуродов бўйича келишувга яқин турганини фақат трансфер суммаси, уни тўлаш шакли борасида томонлар музокаранинг якуний қисмини бошлашганини таъкидламоқда.
Ўтган йили Шомуродов трансферига 18 миллион евро сарфлаган “Рома” ҳаражатларининг каттароқ қисмини қоплашга ҳаракат қилмоқда. Маълумки, Шомуродов асосий таркибга кира олмаганидан кейин унинг трансфер нархи икки баравардан кўпроқ арзонлади ва айни пайтда 8 миллион еврони ташкил қиляпти. Бу вазиятда “Рома” турли бонуслар эвазига кўпроқ пул ишлаб олмоқчи. Улар Шомуродовнинг голлари, ассистлари ва “Болонья”нинг мусобақа жадвалидаги ўрни каби критерияларни шартномага қўшиб, Элдорнинг статистик кўрсаткичларидан бонус олмоқчи бўляпти.
“Болонья” вакиллари эса ўзбек ҳужумчисини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан бир мавсум ижарага олишни режалаштирган ва “Рома” раҳбариятидан Шомуродов трансфер қилинадиган бўлса, аниқ суммани белгилашни талаб қилмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, Шомуродов олдида “Торино”, “Монца”, “Сассуоло” вариантлари, Германия чемпионатидан билдирилаётган қизиқишлар ҳам бор. Бу жамоалар вакиллари ҳужумчи атрофидаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бормоқда. “Болонья” эса рақобатчиларни чалғитиш мақсадида Шомуродов трансфери бўйича маълумотларни очиқламай, сир сақлаш маъқул кўраётган бўлиши мумкин.