Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов Таиландда Ўзбекистон ОТЖ билан учрашди

Рўзиқул Бердиев ва Вадим Абрамов Таиландда Ўзбекистон ОТЖ билан учрашди

Хабар берганимиздек, U-23 Осиё чемпионатида терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун таниқли мураббийларимиз Рўзиқул Бердиев ҳамда Вадим Абрамов бугун Таиландга етиб келишди. Ҳар икки мутахассис бироз аввал терма жамоамиз вакиллари билан учрашиб, уларни руҳлантирдилар. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Йигитлар, биз Тошкентда барча ўйинингизни кўриб турдик. Ҳа, Кореяга қарши ўйин қийин бўлди. Лекин мусобақани кузатиб бораётган мутахассис сифатида шуни айта оламанки, бошқа ҳеч бир жамоанинг Сизлардан устун жойи йўқ. Жаноб Друлович яхши мураббий. Ишонамизки, бу кишидаги бор тажриба Сизларни керакли натижага эришишингиз учун етарли. Буёғига ҳар бир рақибни “янчиб” ташлаш керак. Насиб қилса, Кореядан финалда реванш оламиз, – деди “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев.

Барчангизнинг имкониятингизни яхши биламиз. Сизлар ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очишга жуда яқин турибсизлар. Буёғига ҳам бўшашмасдан фақат олға ҳаракат қилиш керак. Уйда ота-онангиз ва халқимиз Сизлардан ғалаба кутишмоқда, – деди Ўзбекистон МТЖ ва “Бунёдкор” клуби бош мураббийи Вадим Абрамов.
Таъкидлаш жоиз, мураббийлар эртага терма жамоамизнинг БААга қарши баҳси олдидан йигитларни қўллаб-қувватлаш учун келишган ва Любинко Друлович бошчилигидаги мураббийлар штабининг фаолиятига асло ҳалал беришмайди.