“Легия” бош мураббийи нега Яхшибоевга ишонмоқда?

“Легия” бош мураббийи нега Яхшибоевга ишонмоқда?

 Бундан буён ўзбекистонлик футбол ишқибозлари кузатиб борадиган хорижий чемпионатлар – Италия, Россия, Беларусь лигалари қаторига Польша Экстраклассаси ҳам қўшилди. Чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида курашаётган “Легия” клуби ўз сафига ҳужумкор футболчимиз Жасур Яхшибоевни қўшиб олди.

Жасур Яхшибоев ўтган йили Беларусь чемпионатидаги мазмунли ва сермаҳсул ўйини орқали нафақат ўзбекистонлик, балки европалик мухлису мутахассислар эътиборини қозонди. Истеъдодли футболчимиз олдида янги марра – Польша футболида ҳам ўйнай олишини исботлаш вазифаси турибди.

Ижтимоий тармоқларда мутахассис ва мухлисларнинг Яхшибоев трансфери бўйича фикр-мулоҳазалари тарқалмоқда. Эътиборингизга, Жасурнинг янги жамоага учун билдирилаётган муносабатларни ҳавола этамиз.

Даставвал, “Легия” бош мураббийи Чеслав Михневичнинг Яхшибоев трансфери бўйича жуда илиқ фикрларни айтганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Чеслав Михневич:

Биз Жасурбекка жуда катта умид боғлаганмиз. Мен унинг ўйинини амалда кўрмаган бўлсам-да, бу футболчининг қиймати юқори эканини яхши биламан. Албатта, бошида ундан мўъжиза кутмайман. Футболчи янги муҳитга ва бегона жойга кўникиб олиши учун муайян вақт керак бўлади. Барча билан дўстлашиб кетиши ва бизга нималарга қодир эканини исботлаши учун унга етарлича имкон берилади. Мен унинг ўйини муҳрланган видеотасвирларни томоша қилдим ва иштиёқим ошди.

Яхшибоев бир неча позицияда муваффақиятли ўйнай оладиган футболчи. Жасур 4-3-3 схемасида қанот футболчиси вазифасини тўла уддалай олади. У ҳужумга алоқадор ҳар қандай позицияда муваффақиятли ўйнайди. Бу унинг асосий устун жиҳатлари.

Шунингдек, турли мамлакатлар мухлислари ҳам қуйидагича фикр билдирди:

Степан Лучейко:

Жуда яхши ҳужумчи. Чап оёқда зўр ўйнайди. Польшаликлар уни жуда арзон нархга қўлга киритди.

Моднявий Саша:

Жасурга қизиққан “Динамо Киев”га “иккинчи Шацких”ни олиш насиб қилмади.

Fantomas67:

“Легия”ни танлаб адашмади. Жамоа Польша чемпионатида ҳозирча иккинчи ўринда.

Grodnenski:

“Легия” Польшада энг ашаддий мухлисларга эга ажойиб жамоа. Жасурнинг шу клубга қўшилгани  яхши бўлди. Ўйнаб кета олса, бошқа катта клубларга ўтиш имкони бўлади.

Denunited:

Бозори чаққон йигитку.

Czesare:

“Пахтакор” 300 минг евро олибди. Клуб менежменти заиф экан.

Шурик 777:

“Легия”ни табриклаймиз. Зўр ўйинчини ўз таркибига қўшиб олди.