«Бутун умр футболдан четлатишса четлатишсин! Ҳакамларга пул бермасангиз «чопиб» ташлашади». «Турон» бош мураббийи ҳакамларнинг қинғирликлари ҳақида аччиқ гапларни айтди

«Бутун умр футболдан четлатишса четлатишсин! Ҳакамларга пул бермасангиз «чопиб» ташлашади». «Турон» бош мураббийи ҳакамларнинг қинғирликлари ҳақида аччиқ гапларни айтди

Суперлига 2-тури доирасидаги «Сўғдиёна» - «Турон» (1:0) учрашувида бош ҳакам Виктор Серазетдинов қўпол хатога йўл қўйди. Тўп меҳмонлар ҳимоячисининг юзига текканига қарамай, ҳакам вазиятни қўл билан ўйнаш деб баҳолаб, Жиззах клуби фойдасига пенальти белгилади. Якунда ушбу вазият «Турон»нинг мағлубияти билан тугади.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида эса водийликлар бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўзбек футболидаги ҳакамларнинг қинғир ишлари ҳақида очиқ ойдин асабий руҳда гапирди. Championat.asia сайти матбуот анжуманидан видеони эълон қилди.

«Аввало, «Сўғдиёна» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, энди нима «Турон»ни айби Суперлигага чиққаними? Ёки ҳакамларга пул билан чиқмаётганими? Бу нарсани ўтган икки ўйинимиздан буён умуман тушуниб бўлмаяпти. Бугунги вазиятда тўп футболчининг бошига текканини бутун дунё, бутун Ўзбекистон кўриб турибди, ҳакам эса тўп футболчини бошига текканига пенальти белгилаяпти. 

Мана ҳозир ўша ҳакам кийиниш хонасига кирсин, футболчилар йиғлаб ўтирибди. Буларга қачон чора кўрилади? Қачонгача бунга чидаш мумкин? Тозалаймиз дейишяпти, шуми тозалашаётгани?! Келиб кўмиб кетмоқда. Иккита турдан буён умуман футбол йўқ, фақат ҳуштак чалиш билан ўйин ўтмоқда. 70-80 нафар одам оиласини боқаман, деб тиним билмаяпти. Булар эса қачонгача шундай ишлашади? Учта одам майдонда жамоани «калласини олиб ташлаяпти». Ўзбекистонда шуми адолат? Қани бу ерда адолат? Қачонгача коррупцияга қарши курашиш мумкин. Ҳалол ўйна дейишди ҳаммага, биз ҳалол ўйнаяпмиз, ҳакамларга чиқаётганимиз йўқ, мана аҳвол! Пул билан чиқмасангиз каллангизни олиб ташлайди! Ким чора кўради буларга?

Майли, бутун умрга футболдан четлатишса четлатишсин! Лекин кимдир охиригача курашиши, охиригача бориши керак. Рақиб футболчисини қўлига икки бор тўп тегди. Ҳакам эса унга индамай, бутун ўйин давомида дарвозамиз олдини пойлаб ўтирди. Ўйинни бошидан бери 5та сариқ карточка берилди. Ундан кўра, ўйиндан олдин келиб, «бугун каллангни олиб ташлайман», десин овора бўлиб чиқмаймиз. Майли, ёш мураббийман, кўчадан иш топиб оламан. Аммо жамоа нима қилади? Жамоа ғалаба қозонса, мукофот пули оламан, оиламга олиб бораман, деб кутиб яшамоқда. Ҳамма оғзида гапиради, амалда эса ҳеч нарса йўқ. 

Ҳакам ўйнашга қўйиб бердими, деб савол беринг аввал. Бу қандай футбол? Бундай аҳволда футбол ҳақида қандай гапириш мумкин? Ҳакам сизга ўйин бермаса, қандай ўйнаш керак? Қани футбол?», - дея қаттиқ оҳангда гапирди «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.

Маълумот учун, бу баҳсдан кейин «Турон» Суперлигада сўнгги ўринга тушди, «Сўғдиёна» эса 6 очко билан Суперлига пешқадами бўлиб олди.