Гандболчи ёшлар 4-сектор раҳбари соврини учун беллашдилар

Гандболчи ёшлар 4-сектор раҳбари соврини учун беллашдилар

Спортни сев, спорт билан яша. Сўнгги пайтларда трендга айланиб бораётган бу шиор амалда ҳам ёшларнинг ҳаёт тарзи, ўқишдан ташқари фаолиятига чуқур синггиб бормоқда. Секторлар томонидан ёшлар спортини  қўллаб-қувватловчи тадбирлар ушбу ташаббуснинг кенг қулоч ёйишига хизмат қилади. Жиззах Олимпия захиралари коллежида қўл тўпи бўйича  4-сектор –  давлат солиқ бошқармаси раҳбари соврини учун ўтказилган вилоят чемпионати ҳам фикримизга мисол.

2007-2008 йилда туғилган ҳамда ундан кичик ёшдаги қизлар ва ўғиллар ўртасида ўтказилган чемпионатда 300 нафарга яқин иштирокчи қатнашди. Ўғил болалар жамоаси 14 та, қизлар жамоаси 9 та бўлиб иштирок этишди. Ҳар бир туман вакиллари ғолиблик учун қатъий ҳаракат қилишди.

Муросасиз кечган баҳслар якунида ўғил болалар жамоаси ўртасида ғолиблик мезбонларга - Жиззах Олимпия захиралари коллежига насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Жиззах шаҳри ва бахмаллик ёш спортчилар эгаллашди.

Қизлар баҳси ҳам кескин курашларга бой бўлди. Натижада ғалаба сари қатъий курашган Жиззах шаҳри қизлари чемпионат ғолиби бўлишди. Иккинчи ўрин Арнасой тумани, учинчи ўрин Бахмал ёшларига насиб этди.

Жиззах вилояти гандбол федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур мусобақа ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида 4-сектор томонидан доимий ўтказилаётган спорт тадбирларининг навбатдагисидир. Ғолиб ва совриндорларга вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Вилоят ДСБ Ахборот хизмати