Одил Аҳмедов ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига қадар тиклана оладими?

Одил Аҳмедов ЖЧ-2022 саралаш ўйинларига қадар тиклана оладими?

Бир неча кун аввал Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Хитойнинг "Цанчжоу Майти Лайонс" клуби ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов қовурғасидан жароҳатлангани борасида хабар бергандик.

Бугун ЎФА матбуот хизмати терма жамоа сардори билан интервью ташкил қилди ва унда Аҳмедов ўзининг ҳозирги ҳолати борасида маълумот берди.

Клубим сафига бориб қўшилганимда ўртоқлик учрашувлари ўтказилди. Ўша пайт қовурғам синди. Шу ҳолатда ҳам оғриқ кузатилди, лекин ўйнашга ҳаракат қилдим. Иккита беллашувда майдонга тушдим. Учинчи ўйинда яна шу жойимга зарба беришганидан сўнг шифокорларга кўригидан ўтсам, иккинчи марта синган экан.

Олдимизда муҳим ўйинлар борлиги учун клубим иштирокидаги иккита учрашувни қўйиб юбориб, Ўзбекистонга келиб даволанмоқдаман.

Ўйлайманки, терма жамоанинг ўйинларигача ҳаммаси жойига тушади. Беш кундан бери терма жамоада жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Мирко Еличич билан алоҳида шуғулланишни бошладим. Оғриқ бор, лекин терма жамоа бўлганлиги учун ва қолаверса, аввал ҳам бундай жароҳатларда укол олиб майдонга тушганмиз.

Шу боис муҳим баҳсларда оғриқ қолдирувчи воситалар билан бўлса ҳам ўйнашга тайёрман. Эртадан умумий гуруҳ машғулотларига қўшиламан. Ўйлайманки, унга қадар жисмоний тарйёргарлигим яхши бўлади, деб умид қиламан, - деди Одил Аҳмедов.