Sangzor.uz / «Локомотив» футболчиси Кахи Махарадзе келишилган ўйинларда қатнашгани учун 5 йилга футболдан четлатилди

«Локомотив» футболчиси Кахи Махарадзе келишилган ўйинларда қатнашгани учун 5 йилга футболдан четлатилди

«Локомотив» ПФК футболчиси Кахи Махарадзе ва эркин агент Евгений Кочнев 2 грузиялик билан келишиб, тотализатор ҳамда келишилган ўйинларда иштирок этгани учун ЎФА икки футболчини ўйинлардан 5 ва 3 йилга четлаштирди. Улар жарима ҳам тўлайди.

«Локомотив» ПФК футболчиси Кахи Махарадзе, эркин агент Евгений Кочнев, Грузия фуқаролари Г. К. ва Ч.М. исмли шахсларнинг тотализатор ҳамда келишилган ўйинларда иштирок этгани маълум бўлди, дея ҳабар бермоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати. Ташкилот текширув ўтказиб, Этика қўмитасида бу масалани кўриб чиқди.

Аниқланишича, «Локомотив» футболчиси Кахи Махарадзе ва бошқалар ўзаро келишиб, ўзини Жай деб таништирган хитойлик шахснинг ишончига кирган. Унга тотализатор конторалари орқали «Локомотив» футбол клубининг учрашувларини Кахи Махарадзе ва бошқа футболчилар билан келишган ҳолда ўзлари учун қониқарли натижа билан якунлашга ёлғон ваъда бериб, ишонтиришган.

27 май кунги «Навбаҳор» — «Локомотив» учрашувида 2:0 ҳисоби қайд этилди. Кахи Махарадзе, футболчи Евгений Кочнев, Грузия фуқаролари Г. К. ва Ч.Млар мазкур ўйин учун Жайдан тахминан 30 000 АҚШ доллари олиб, ўзаро бўлишиб олган.

Бундан ташқари, «Локомотив»нинг АГМК ва «Сўғдиёна» футбол клубларига қарши учрашувларига улар пул тикиш масаласи муҳокама қилган, лекин бу амалга ошмаган. Келтирилишича, ушбу маълумот ОФК ва «Спортрадар» ташкилотлари томонидан ҳам тасдиқланган.

Ундан сўнг, «Локомотив»нинг меҳмонда «Насаф»га қарши учрашувда мағлуб бўлишини тахмин қилиб, Махарадзе бу ўйинни ютқазиб беришига Жайни ишонтирган. Шу орқали футболчи тотализаторда пул тикилишига сабабчи бўлган.

«Локомотив» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги учрашув 0:0 ҳисоби билан якунланганидан сўнг, Жай ўзи томонидан ютқазилган 100 000 АҚШ долларини футболчи ва унинг шерикларидан талаб қилган. Улар буни рад қилгач, ўч олиш мақсадида футболчи ва шериклари ҳақидаги маълумотларни ЎФА ва ОАВларнинг электрон почталарига юборган.

ЎФА текширув бошлагач, Жай ноқонуний фаолияти натижасида ўз мамлакатининг тегишли ташкилотлари томонидан жавобгарликка тортилиши мумкинлигини англаб, юқорида юборган маълумотлар нотўғрилиги, суратларни ўзи ясаганлиги ҳақида хабар юборган.

Юқоридагиларни ўрганиб чиқиш натижасида, ЎФА Этика қўмитаси йиғилишининг қарорига кўра, Кахи Махарадзе Интизом кодексининг тегишли бандлари бўйича айбдор деб топилди. Футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча турларидан 5 йил муддатга четлатилди ҳамда 100 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, футболчи Евгений Кочнев ҳам Интизом кодексининг тегишли бандлари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча турларидан 3 йил муддатга четлатилиб, ўттиз млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Текширув давомида «Локомотив» ПФКнинг бошқа футболчилари ва мураббийлари тотализатор ҳамда келишилган ўйинларда иштирок этмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга алоқадор бўлган чет эл фуқароларининг шубҳали ҳаракатлари бўйича маълумотлар тегишли халқаро ташкилотларга юборилди. ЎФА келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича ОФК ва «Спортрадар» билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиниши ҳамда шу каби ҳолатлар аниқланса, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини эслатди.

скачать dle 12.0
16-09-2022, 12:33
Ортга қайтиш