Петр Чехни ҳайратда қолдирган ва 6 йил аввал ишсиз юрган «Челси»нинг янги дарвозабони Эдуард Менди ҳақида

Петр Чехни ҳайратда қолдирган ва 6 йил аввал ишсиз юрган «Челси»нинг янги дарвозабони Эдуард Менди ҳақида

Лэмпард ниҳоят ниятига етди

Фото: «Челси»

Каи Ҳаверц ва Тимо Вернернинг олиб келингани яхши, аммо «Челси» мухлислари бутун ёз давомида бошқа трансферни кутди, бу Кепанинг ўрнини боса оладиган янги топ-даражадаги дарвозабон. Янги мавсумдаги дастлабки икки ўйин эса бу қўрқувнинг қанчалик асосли эканини исботлаб берди.

Муаммони ҳал қилиш учун бир вақтлар Петр Чех ўйнаган «Ренн» (Франция) клубидан 28 ёшли сенегаллик Эдуард Менди Лондонга олиб келинди. Бунинг учун «аристократлар» раҳбарияти бонуслар билан бирга 27 миллион евро сарфлади.

Нега «Челси» топ-дарвозабон сотиб олмади?

Ёзда «Челси»нинг кўплаб дарвозабонлар билан алоқа қилаётгани ҳақида миш-мишлар тинмади. Облак, Доннарумма, Онана, Ҳендерсон, Ник Поуп. Ҳатто Жо Ҳартга таклиф билан чиқилгани, аммо Англиянинг собиқ биринчи рақамли посбони «Тоттенҳэм»ни танлаб қўя қолди.

Бироқ The Athletic’нинг Лондон клубидаги инсайдерларининг маълум қилишича, «кўклар» ўта қиммат вариантларни ўйлаб ҳам кўрмаган ва юқоридаги дарвозабонлар ҳақидаги хабарлар қуруқ гап, холос. Боиси «Челси» аллақачон Кепа учун 70 миллион фунт сарфлаб бўлган ва шунинг учун ўша вақтда улар арзонроқ ва яхшироқ вариантини қидирган. Менди трансфери эса айни муддао эди.

Шу билан бирга Мендининг сотиб олиниши ваҳимали ҳолат ҳам эмас. Негаки, клуб анчадан бери сенегаллик посбоннинг муваффақиятларини кузатиб келаётганди. Икки йил олдин Кепа сотиб олинишдан олдин ҳам Эдуард «Челси» скаутларининг нишони бўлган. Ўшанда у «Реймс»да ўйнаган ва захира ўриндиғи учун яхши номзод сифатида баҳоланганди.

Қайд этиш жоиз, Менди бир неча мавсумда «Ренн» (клуб ўтган мавсумда учинчи ўринни эгаллаб, Чемпионлар Лигасига йўл олди) даражасигача ўса олди ва Франция чемпионатининг энг яхши дарвозабонларидан бири ҳисобланади.

Фото: Panoramic

Мазкур трансферда бир пайтлар иккаласи ҳам айнан «Ренн»дан «Челси»га келган Петр Чех ва дарвозабонлар штаби скаути Кристоф Лоллишоннинг ўрни муҳим аҳамият касб этди. Эдуарднинг трансфери уларнинг ташаббуси билан амалга ошди.

Чех ва Лоллишон Менди «Челси»нинг асосий посбони бўла олиш учун барча хусусиятларга эга деган қарорга келди ва бунга Лэмпардни ишонтирди.

Мендининг устунлиги нимада? У деярли хато қилмайди

Чех ва дарвозабонлар скаутига Мендининг қайси жиҳатлари ёқди? Менди – анти-Кепа.

Биринчидан, Эдуарднинг бўйи 197 сантиметр, бу Кепа ва Кабальеродан 11 сантиметрга баландроқ дегани. Айнан шу омил «Челси»нинг стандартлардаги муаммоларини бартараф этишда ёрдам беради. Жамоанинг эса бу борадаги ишлари сўнгги мавсумларда фақат орқага кетмоқда. Менди буйдаги устунлиги сабаб жарима майдончасига юқоридан ошириб берилган тўпларга осонлик билан эга чиқади.

Қолаверса, сенегаллик посбон дарвоза чизиғида эмас, балки худди Чех сингари меъёрдан бироз олдинроқда жойлашишни яхши кўради.

Иккинчидан, Менди дарвозабонлар учун ноёб ҳолат бўлган – оёқларини яхши ишлата олади. У тўпни узоқ масофларга аниқ қилиб узатиб бера олиш қобилиятига эга, у ерда эса ҳеч бўлмаганда Вернер «қочишга» тайёр турган бўлади.

Фото: Panoramic

Менди, шунингдек, Лига 1 нинг энг ишончли дарвозабонларидан бири бўлган. Ўтган мавсумда у ўз дарвозаси томон берилган зарбаларнинг 78 фоизини бартараф этган (Кепада эса бу кўрсаткич 54,5 фоизга тенг), бу Франция чемпионатидаги учинчи энг яхши натижадир.

Менди 24 турда атиги 19 гол ўтказиб юборган, 9 учрашувда эса ўз дарвозасини дахлсизлигини сақлаб қолган. Opta ва xG статистик маълумотларига кўра, «Ренн» дарвозабони керагидан 3 тага камроқ гол ўтказиб юборган. Кепада эса бу кўрсаткич 11 тага тенг.

Менди ҳақида Get French Football Newс нашри муаллифи Рич Аллен шундай дейди: «Сўнгги бир неча мавсумга назар ташлайдиган бўлсак, Менди Франциядаги энг барқарор ва ишончли дарвозабонларидандир. У асосий дарвозабон ишини жуда яхши бажаради. Менимча, бу ‘Челси’га ҳозирда жуда зарур».

Менди бир неча йил ишсиз қолиб кетган ва текинга машғулот ўтказган

Эдуард Францияда муҳожирлар оиласида туғилган, онаси сенегаллик, отаси эса Гвинея-Бисаудан. Футбол билан шуғулланишни у машҳур «Гавр» (Пол Погба, Ферлан ва Бенжамин Менди, Стив Манданда айнан ушбу мактабдан етишиб чиққан) академиясида бошлайди, аммо унинг иқтидорига ишонишмайди ва тез орада мактабдан жавоб бериб юборилади.

Шундан сўнг у узоқ вақт давомида маҳаллий лигаларда ўйнаб юрди. Аммо у ерда ҳам Менди асосий дарвозабон эмасди. Жамоа эса фақат пасга шўнғирди.

Шу орада футбол агенти унга Англиядан жамоа топиб беришни ваъда қилди. Шунинг учун Менди француз жамоаларининг камтарона таклифларини рад этди. Бироқ агент ҳеч қайси инглиз клуби билан келиша олмади, натижада дарвозабон 22 ёшида клубсиз қолиб кетди.

«Ҳар қандай одам билан бўлгани каби, футболчи учун ҳам ишсиз қолиш даҳшат. Такрорий муваффақиятсизликлар эса ўзидан из қолдиради ва сиз шунчаки бу иш мен учун эмасмикан деб ўйлаб қоласиз», – дея ёдга олади дарвозабон ўша даврларни.

Фото: Panoramic

Аммо Менди таслим бўлмади. Бир йил давомида у «Гавр» билан бепул машғулот ўтказди ва шундан сўнг «Марсель» кўригидан ўтди. Омади чопиб, «Марсель» билан ҳаваскорлик шартномаси бўйича энг кам иш ҳақи билан тўртинчи дарвозабон сифатида жамоага қабул қилинди ва бутун мавсумни ўша ерда ўтказди. Мендининг айтишича, ўша йил унга кўп нарса берган: у профессионаллар қаторида машғулот ўтказган ва катта ўсишга эришган.

«Бу ҳаммасининг бежиз эмаслиги ва мен ҳамма нарсани тўғри қилганим ҳамда керакли вақтда сабр қила олганим исботи эди», – дейди Менди «Марсель»га қабул қилингани ҳақида.

Охир-оқибат «Марсель»нинг тўртинчи дарвозабони Лига 2 да иштирок этадиган «Реймс»га чақирилди. У ерда аста-секинлик билан асосий таркибга киради ва ажойиб мавсум ўтказади (ўйинларнинг яримини «қуруқ» ўтказади) ва жамоа билан Лига 1 йўлланмасини қўлга киритади. Юқори дивизиондаги биринчи мавсумдан сўнг («Реймс» сафида 14 та «қуруқ» ўйин) уни «Ренн» ўз сафига қўшиб олади. Бир йилдан сўнг эса кимсан Премьер Лига вакили — «Челси».

Мендини жуда хотиржам одам сифатида тасвирлашади: у майдон ташқарисида деярли овозини кўтармайди. «Ренн»даги собиқ жамоадошлари Эдуарднинг жамоа билан қандай хайрлашганини айтиб берди: «У жудаям кучли, аммо кетишини айтаётган вақтда деярли йиғлаб юборди».

Фото: Panoramic

Менди ҳақида яна бир ажойиб факт: у иккита терма жамоа сафида ўйнаган. 2016 йилда Гвинея-Бисау терма жамоасининг Португалия клубларига қарши ўртоқлик учрашувларига чақирилади. Аслида Менди отаси туфайли чақириққа рози бўлганди – у ўшанда оғир бетоб эди ва фарзандининг ватани терма жамоасида кўришни хоҳлаганди. Шу туфайлигина Эдуард Гвинея термасида ўйнашга рози бўлади.

Аммо у кейинги таклифларни Африканинг етакчи жамоаси Сенегал сафига кириш учун кескин рад этади. Менди қатнашган Гвинея-Бисаунинг ўртоқлик ўйинлари ФИФА ваколатларига кирмаган, шу сабабли унда бу борада муаммо бўлмаган. 2018 йил ноябрда ниҳоят Менди Сенегал терма жамоасида дебют қилади. У шу пайтгача ушбу жамоа таркибида 7 учрашув ўтказди: 6 ғалаба, 1 мағлубият, 5 та «қуруқ» ўйин ва 2 та ўтказиб юборилган гол.

Кепанинг тақдири нима бўлади?

Аслини олганда Мендининг асосий дарвозабон бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. «Челси» ҳали қайсидир дарвозабоннинг асосий таркибдан муқим жой олиши ҳақида қарор қилганича йўқ. Эҳтимол, Мендининг келиши Аррисабалага қўшимча мотивация бериши, асосий таркибдаги жойи учун қаттиқроқ курашишига туртки бериши ҳам мумкин.

Август ойида Петр Чех интервьюларидан бирида жамоа янги дарвозабон қидираётганига қарамай, Кепага ишонч билдирилиши ҳақида гапирганди. Аммо клуб ичидаги манбаларнинг фикрига кўра, Кепанинг ҳолати мураккаброқ.

Фото: Panoramic

Аррисабалаганинг ўзи эса Евро–2021 да ўйнашни хоҳламоқда, шунинг учун унда ижара варианти қолмоқда, холос. Менди билан шартнома имзоланганидан сўнг «Рома» Кепани ижарага олмоқчи эканлиги ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.

The Athletic хабарига кўра, нима бўлганда ҳам Менди асосий таркибдан жой олади, Лэмпард Кепанинг хатоларидан чарчаган ва дарҳол янги ўйинчига имконият беради. Шундай экан Премьер Лига мухлислари лондонликларнинг навбатдаги ўйинларидаёқ сенегаллик гигантни кўриши мумкин бўлади.