Роналдуга янги клуб топишди

Роналдуга янги клуб топишди

«Пари Сен-Жермен» клубининг спорт ишлари бўйича директори Леонардо раҳбариятга «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдуни сотиб олиш истаги борлигини маълум қилди. Бу ҳақда «RMC Sport» хабар берди.

«Бьянконерлар» ўйинчи билан хайрлашишга қарор қилгани ҳақидаги хабардан сўнг футболчига янги клуб топишди.

«Эҳтимол, эртага Криштиану яна бирорта жойда тўп суриш хоҳиши билан уйғонар», — деди Леонардо.

9 ноябрь куни Роналду 2021 йил ёзда трансферга қўйилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу қарор сабабларидан бири ўйинчининг юқори маоши ҳисобланади: йилига тахминан 31 миллион еврони ташкил этади.

1 ноябрь куни Роналду коронавирусдан тузалгандан сўнг биринчи учрашувидаёқ дубль қайд этди. Португалиялик ҳужумчи Италия чемпионатининг олтинчи турида «Специя»га қарши кечган сафардаги ўйинда иккита гол урди. Мусобақа 4:1 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлди.

Роналду «Ювентус»га 2018 йил ёзда ўтган. Португалияликнинг трансфери туринликлар клубига 100 миллион еврога тушди. Жамоа билан биргаликда Роналду Италия чемпиони ва мамлакат Суперкубоги соҳиби бўлди. Форварднинг клуб билан шартномаси 2022 йил ёзгача амал қилади.