Ўзбек футболидаги шубҳали мураббийлар кимлар? - Алишер Никимбаев

Ўзбек футболидаги шубҳали мураббийлар кимлар? - Алишер Никимбаев

Қатар футболида фаолият юритаётган ва жаҳон чемпионати-2022 ташкилий қўмитаси аъзоси Алишер Никимбаев бир неча кун аввал SPORTS.uz сайтида меҳмон бўлди ва ўзбек футболидаги мураббийлар борасида фикр билдирди.

- Мураббийларимиз савиясининг араб давлатларига келаётган мутахассислар билан қандай фарқи бор?
- 2 хил фарқи бор. Биринчидан, араб мамлакатларида маҳаллий мураббийлар деярли ишламайди. Бу улар учун катта муаммо. Лекин араблар бунга фожеа сифатида кўрмаяпти. Футболни ривожлантириш учун хорижликларга эътибор қаратмоқда. Чунки чет эллик мураббийлар янги технология, янги футбол билан келмоқда. Масалан, Қатарнинг “Ал-Дуҳаил” клубини Эрнан Креспо бошқармоқда. У мураббийлик фаолиятини энди бошлади. Қандай мураббий бўлишини билмаймиз. Лекин футболчилик карьерасига асосланиб, клуб ишониб топширилмоқда. Бир томонда Креспо, бир томонда Шацких. Уларни менимча, бемалол таққосласа бўлади.

Бироқ Ўзбекистонга келаётган хорижлик мураббийларнинг айримлари савияси шубҳалироқ. Балки биз ёш мураббийларга эътибор қаратармиз, ёки ўзимиздаги мураббийларни хорижга чиқариб ўқишига имконият берармиз. Бу ҳақда ўйлаб кўриш лозим.

- Шубҳали мураббийларга мисол келтира оласизми?
- Биринчи навбатда, “Пахтакор”нинг собиқ устози Славче Войнески. Мен олдин ҳам айтгандим, у “Пахтакор” савиясидаги мураббий эмас. Балки Славче кучсизроқ жамоада ишлаганида фойдаси тегиши мумкиндир. Бироқ “шерлар”нинг талаблари жуда юқори. Шунинг учун Войнески “Пахтакор” даражасида эмас. Унинг биографиясига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя. Охирида ишни эплолмади.

- Максим Шацкихнинг “Пахтакор” мураббийига айланиши сиз учун қанчалик кутилган ёки кутилмаган воқелик бўлди?
- Қачондир Максим Шацких футболимизга қайтишига ишонганман. У билан бир неча йил илгари ҳам гаплашганмиз. Ҳозир аксарият инсонлар Максим Украинадаги воқеалар туфайли келганини айтяпти. Бу нотўғри. Чунки Шацких билан 2-3 йил олдин гаплашганимизда, Ўзбекистон терма жамоаларидан таклиф тушганини айтганди. Кейин у менга телефон қилиб, буни маслаҳатлашган. Максим ҳали тайёр эмасман деганди. Лекин қачондир қайтишини кутганман. Ўзида қизиқиш бўлган.

Тўғри, Украинадаги вазият бошқача бўлиб, “Динамо Киев”дан таклиф бўлганда балки келмасдир. Лекин 1-2 йил аввал ниятлари бор эди. Максим ўйланиб турганди. Шунинг учун Шацкихнинг “Пахтакор”га келиши мен учун сенсация эмас.

Бекзод ИСАЕВ