“Солиқчи” - Жиззах вилояти ҳокими кубоги соҳиби бўлди

“Солиқчи” - Жиззах вилояти ҳокими кубоги соҳиби бўлди

6 декабрь куни Зомин марказий ўйингоҳида футбол бўйича 2-лига чемпионати ва вилоят ҳокими кубоги ўйинларининг финал баҳси бўлиб ўтди. 44 та жамоа орасида Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармасининг “Солиқчи” ва Зомин туманининг “Даштобод” жамоалари бу босқичга етиб келдилар.

Гарчи ўйинда ягона гол қайд этилиб, у “Даштобод”га ғалаба олиб келган бўлса-да, “Солиқчи” жамоаси вилоят ҳокими кубоги соҳиби деб эътироф этилди. Баҳсларда Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси камерал назорат бўлими давлат солиқ катта инспектори Жалолиддин Саидов сардорлигида асосий ва захира таркибдаги ҳаваскор спортчилар жонбозлик кўрсатдилар. Спорт ва соғлом турмуш тарзига онгли муносабат, солиқ бошқармаси жамоасидаги жисмоний маданиятга ошнолик руҳи  уларни ишончли ғалаба сари етаклади.

-  Жиззах вилояти Давлат солиқ идоралари ўртасида ҳар йили футбол бўйича Хотира турнирлари ўтказиш анъанага айланган, - дейди вилоят ДСБ касаба уюшма қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Шерали Сулаймонов. – Бу йил карантин муносабати билан спорт мусобақалари ташкил этилмади. Аммо футбол бўйича 2-лига чемпионатига жиддий ва ўзгача иштиёқ билан киришганимиз сабабли гарчи чемпион бўла олмаган бўлсак ҳам, вилоят ҳокими кубогига эгалик қилишга эришдик. Келгуси йилдан эътиборан, «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ижроси билан жамоамиз аъзолари ҳамда уларнинг оилалари ўртасида ҳам спортнинг бошқа турларидан мусобақалар ўтказишни режалаштирганмиз.

 “Солиқчи” жамоаси вилоят ҳокими кубоги билан биргаликда 30 миллион сўмлик пул ютуғи билан тақдирланди. Бундан ташқари, жамоа таркибида тўп сурган айрим иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳам ғолиб деб топилдилар.

Футбол бўйича вилоятимиз 2-лига чемпионатида республика миқёсида энг кўп - 44 та жамоанинг иштирок этгани вилоятимизда оммавий спортга, меҳнат жамоаларида соғлом турмуш тарғини шакллантиришга катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир.

Жиззах вилояти ДСБ Ахборот хизмати