Бир хонанда иккинчи хонандани судга берди

Бир хонанда иккинчи хонандани судга берди

Хонанда Достон Эргашeвга нисбатан 500 миллион сўм миқдорида зарарни ундириш юзасидан даъво киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги расмий каналида маълум қилинган.

Бундан бир неча кун аввал хонанда Достон Эргашeв Ўктам Алиевнинг «Ўйламадим» номли қўшиғини муаллифнинг розилигисиз ижро этиб, уни интернет тармоқларига жойлаштиргани ҳамда муаллиф бу ҳақида Интеллектуал мулк агентлигига қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг Агентлик томонидан ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман маъмурий судига баённома киритилган.

Натижада суд Д.Эргашeвга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177 (1)–моддаси биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, тегишли жарима жазоси тайинлаган.

Шундан сўнг Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман маъмурий судининг қарори асосида хонанда Ў.Алиев Достон Эргашeвга нисбатан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туман судига 500 миллион сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан даъво аризасини киритди.

Маълумот учун, Ў.Алиев томонидан «Ўйламадим» номли қўшиқ 2012 йил яратилган ҳамда мазкур қўшиқ учун видеоклип суратга олинган. Ушбу видеоклип YouTube платформасига жойлаштирилган.

Шундан сўнг 2020 йилда муаллиф Ў.Алиев томонидан «Ўйламадим» номли қўшиғи унга тегишли эканлигини билдириш мақсадида, катта миқдорида сарф-харажат қилган ҳолда муаллиф томонидан қўшиқ учун қайта видеоклип суратга олинган ва YouTube интернет тармоғига жойлаштирилиб, оммага эълон қилинган.

Зеро, муаллиф асарни, шу жумладан, унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига, яъни муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1056-моддасига мувофиқ, асарга тузатишлар киритиш, уни аранжировка қилиш ёки бошқача тарзда қайта ишлаш, асарни омма олдида ижро этиш муаллифнинг мутлақ мулкий ҳуқуқлари ҳисобланади. Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади ҳамда муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Энди муаллиф ўз ҳуқуқларини билиши, ҳуқуқбузар эса арзимаган миқдордаги жаримани тўлаб кета оламаслиги барчага маълум. Қолаверса, муаллиф ҳуқуқбузарни етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига берса, унга нисбатан етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиниши, бунинг натижасида эса ҳуқуқбузар муаллифга катта миқдорда пул кўринишида зарарларни қоплашга мажбур бўлиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.