Нукусда алкотестер ўрнига бош кийимидан фойдаланган ЙПХ ходимига хизмат текшируви тайинланди

Нукусда алкотестер ўрнига бош кийимидан фойдаланган ЙПХ ходимига хизмат текшируви тайинланди

Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш учун бош кийимидан фойдалангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида жойлашган деҳқон бозори олдида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими З.Мамедов томонидан Matiz тўхтатилган.

ЙПХ ходими ўзаро мулоқот вақтида бош кийимини ечган ва ҳайдовчидан пуфлашини сўраган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Бундан аввал Тошкентда ЙПХ ходими қоида бузган ҳайдовчининг юзига ҳужжатларини отиб, кетиб қолгани айтилган видео юзасидан изоҳ берилгани, Қашқадарёда автомобилни ҳайдовчи рухсатисиз жарима майдончасига ҳайдаб кетган ЙПХ ходими ишдан олингани ҳамда Чироқчида ИИО ходимлари талабига бўйсунмай, улар устига ҳайдаб, қочиб кетган ҳайдовчига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.