Тошкентда ички ишлар ходимлари қонуний талабларга бўйсунмаган «Малибу» ҳайдовчисига нисбатан ўқотар қурол қўллади

Тошкентда ички ишлар ходимлари қонуний талабларга бўйсунмаган «Малибу» ҳайдовчисига нисбатан ўқотар қурол қўллади

ИИВ ахборот хизмати маълум қилишича, 7 январь соат 15:00 ларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Янги шаҳар кўчаси бўйлаб 1976 йилда туғилган, кучли даражада маст фуқаро А.А. бошқарувидаги «Malibu» шу ерда хизмат ўтаётган ЙҲХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солган ҳолда қочишга уринган.

Ходимлар ҳайдовчининг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларнинг олдини олиш мақсадида белгиланган тартибда ўқотар қуролини қўллаган.

Натижада автотранспорт воситаси мажбурий тўхтатилиб, ҳайдовчи зарарсизлантирилган. Қурол қўлланилиши натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан «Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.