Самарқандда 74 ёшли аёлнинг жасади топилди. Қотил набира бўлиши мумкин

Самарқандда 74 ёшли аёлнинг жасади топилди. Қотил набира бўлиши мумкин

Жорий йилнинг 3 январь куни Самарқанд вилоятида 74 ёшли аёлнинг жасади топилди. Уни 17 ёшли қиз ўлдирган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсиддинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Таъкидланишича, 3 январь куни соат 17:30 атрофида Самарқанд шаҳар “Ҳумо” маҳалласида яшовчи 1947 йилда туғилган М.Р.нинг жасади уйининг ётоқхонасида, қотиллик аломатлари билан топилган. Олиб борилган тергов ҳаракатларида аниқланишича, ушбу қотиллик жиноятини мазкур уйга меҳмонга келган 17 ёшли С.Т. қилган.

Шамсиддиновга кўра, С.Т. ўша куни соат 14:00 атрофида хонадон эгаси М.Р. билан уяли телефон аппарати устида жанжаллашиб қолган. Оқибатда дастлаб ётоқхонада бўлган шиша идиш билан аёлнинг бош қисмига 3 марта зарб билан урган, кейин қўллари билан бўғиб қотилликни содир этган. Жасадни эса ётоқхонада қолдириб, ўзи ҳодиса жойидан яширинган.

Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиалининг дастлабки маълумотига кўра, марҳума бошининг пешона ўрта ва ўнг томон соҳаларида кўкарган, қонталаш, шиш, чап қошида яра, бурни, иккала кўз атрофи, бўйин, ўнг ва чап қўл соҳаларида қонталаш ҳамда шилинмалар каби тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.

“Воқеа жойида қўл бармоқ излари, қонга ўхшаш доғ ва соч толалари бўлган бир дона шиша бокал, 3 дона қонга ўхшаш доғлардан намуна, 12 турдаги сарғиш тилла рангли металлдан ясалган тақинчоқ холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинган”, дейди Шамсиддинов.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича вояга етмаган С.Т. ҳимоячи ҳамда педагог-психолог иштирокида Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят просессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган.