Бахмалда 5 кун ичида кетма-кет содир этилган иккита қотиллик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Бахмалда 5 кун ичида кетма-кет содир этилган иккита қотиллик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Бахмал тумани Гулбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини 4-сектор ҳудудида жойлашган. Яқинда маҳалла ҳудудидаги касб-ҳунар мактабида бир йўла иккита жиноят муҳокамаси уюштирилди. Яна ҳам аниқроғи, тадбирда қасддан одам ўлдириш ҳамда қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларининг сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинди. 

Мазкур жиноятлар муҳокамасида Бахмал тумани ҳокимлиги, ҳуқуқни ҳимояловчи идоралар, ўзини ўзи бошқариш органлари каби давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашдилар. Тадбирда вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоятда, хусусан Бахмал туманида жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар, шунингдек бу борада кузатилаётган камчиликлар ҳақида тўхталдилар.

Жиззах вилоят ИИБ Ахборот хизматидан маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида Бахмал туманида бир нечта оғир турдаги жиноятлар содир этилган. Хусусан, 13 май куни туманнинг Гулбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қорабчи қишлоғида яшовчи, 1986 йилда Бахмал туманида туғилган фуқаро яшаш хонадонида турмуш ўртоғи билан рашк сабаб жанжаллашган. Бундан хабар топган эр-хотиннинг қариндошлари келишмовчиликка аралашадилар. Юз берган муштлашув давомида эркакнинг отасига келиннинг укаси теша билан оғир тан жароҳати етказади. Жабрланувчи қишлоқ врачлик пунктида кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан ҳаётдан кўз юмган.

Ўз навбатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир этган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси орқали жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

 

Жорий йилнинг 17 май куни эса Бахмал тумани Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи шахс шу маҳаллада яшовчи акасининг турмуш ўртоғига хўжалик пичоғи билан тан жароҳати етказган. Аёл зудлик билан шифохонага ётқизилган, аммо кўрсатилган муолажаларга қарамасдан у вафот этган. Бахмал тумани суд тиббий экспертиза бўлимининг хулосасига кўра, аёлнинг ўлимига кўкрак қафасига санчилиб, кесиб кирувчи жароҳат, юрак ва ўпка тўқимасининг шикастланиши оқибатида ички қон кетиш сабаб бўлган. Кўп ўтмай қайинука қўлга олинган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳодисалар тафсилотларини баён этиш асносида ушбу жиноятларни келтириб чиқарган сабаб ва омиллар таҳлил этилди.

Шунингдек, оила-турмуш масалаларига оид профилактик тадбирларни кучайтириш, бу борада масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни таъминлаш, нотинч оилалар, ичкиликка ружу қўйганлар, муқаддам судланганлар, профилактик ҳисобда турганларга эътиборни ошириш, спиртли ичимликларнинг ноқонуний савдосига барҳам бериш, хонадонбай ва фуқаробай ишлаш сифатини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди. Ўз навбатида бу борада камчиликларга йўл қўяётганлар танқид остига олиниб, огоҳлантирилди.

 

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

скачать dle 12.0


Flag Counter