Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқларини энг кўп бузган юлдузларнинг ТОП рўйхати эълон қилинди

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқларини энг кўп бузган юлдузларнинг ТОП рўйхати эълон қилинди

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқларини энг кўп бузган юлдузларнинг ТОП рўйхати эълон қилинди. Улар бошқа муаллифларнинг шеър ва қўшиқларидан ноқонуний фойдалангани учун миллионлар компенсация тўлаши керак бўлади.  

ТОП рўйхат Адлия вазири маслаҳатчиси Шахноза Соатова   томонидан чоп қилинган.

Бешинчи ўрин – Жалолиддин Ахмадалиев

У "Кутилмаган кунлар, кутилган кунлар" тўпламига киритилган шоир Беҳзод Фазлиддиннинг ёзган шеъридан рухсатсиз фойдаланган.

Суд   қарорига кўра, хонанда муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун 26 миллион сўм тўлаб, шеърдан олинган сўзлар ишлатилган қўшиқни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлайди.

Тўртинчи ўрин – Достон Эргашев

У хонанда Ўктам Алиев "Ўйламадим" қўшиғидан рухсатсиз фойдаланган. Узоқ вақт судлашиб, томонлар келишувга эришган. Ўктам Алиев Достон Эргашевдан ярим миллиард сўм миқдоридаги моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризасини қайтариб олган.

Учинчи ўрин – Санжар Жавбердиев (San Jay)

Шоир Усмон Азимга тегишли “Карвон” шеъридан ноқонуний фойдаланганлиги учун суд Жавбердиевдан 90 миллион сўмдан ортиқ компенсация ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Иккинчи ўрин - "Фарҳод ва Ширин" гуруҳи

Гуруҳ аъзолари шоир Бобур Бобомуроднинг шеърий асарларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги учун судга тортилган. Суд шоир фойдасига 130 миллион сўм ундириш ҳақида ҳукм чиқарган.

Биринчи ўрин – Юлдуз Усмонова

Хонанда шоир Йўлчи Рўзиевнинг "Хаста бўлма" шеъридан ноқонуний фойдаланган. Суд қарорига кўра, Усмонова 185 миллион сўм тўлаши керак.

Эслатиб ўтамизки, муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсатисиз муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарларнинг ҳар қандай шаклидан фойдаланиш қонуний жавобгарликка сабаб бўлади.