«Жиноят аломатлари топилмаган иш» бўйича Олий суд баёнот берди

«Жиноят аломатлари топилмаган иш» бўйича Олий суд баёнот берди

Фарғонада ички ишлар ходимлари бир неча киши гувоҳлигида  бир айбланувчи калтаклагани акс этган видео тарқалганди. 

Ҳолат юзасидан дастлаб ИИВ матбуот котиби аниқлик киритиб, воқеа Фарғона шаҳри ички ишлар бўлимида 2021 йилнинг 14 июль куни содир бўлгани, «қўзғатилган жиноят иши жорий йилнинг 23 август куни Фарғона вилояти ЖИБ суди томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилиб, ходимларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ деб топилгани ва оқлов ҳукми чиқарилгани»ни маълум қилди.

Видеотасвир  юзасидан Олий суд ахборот хизмати расмий баёнот берди. 

Қайд этилишича, Фарғона шаҳридаги ҳолат юзасидан профилактика инспекторлари М.А. ва Б.Т. Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳукми билан ҳар иккисига нисбатан иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.  

Мазкур жиноят иши Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилиб, 2022 йил 23 августдаги чиқарилган ҳукмга кўра М. А. ва Б. Т. нинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли айбсиз деб топилиб, уларнинг ҳар иккиси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилинган.

Фарғона вилояти прокурори томонидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2022 йил 23 августдаги ҳукми устидан кассация тартибида протест келтирилган бўлиб, ушбу протест белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштирилаётганлиги маълум қилинади.

Ушбу жиноят иши Олий судда кассация тартибида кўрилиши бўйича суд жараёни якуни юзасидан батафсил ахборот берилади, дейилади баёнотда.