ДХХ бир қатор коррупцион жиноятларни фош қилди

ДХХ бир қатор коррупцион жиноятларни фош қилди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда жойларда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Андижон вилоятидаги Инжиниринг компания ходими ушбу компания буюртмачилиги асосида давлат дастури доирасида кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли арзон уй-жойлардан 2 та хонадонни маҳаллий фуқаро номига расмийлаштириб, ушбу хонадонлар учун банкдан имтиёзли кредит ажратилишида ёрдам бериш эвазига 17800 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда адвокатлик фирмаси адвокати ички ишлар органлари томонидан Жиноят Кодексининг 2511-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ўзининг ҳимоясида бўлган фуқарони, танишлари орқали жиноий жавобгарликка тортмаслик масаласини ижобий ҳал қилиш эвазига 5000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Самарқанд вилояти Иштихон тумани ирригация бўлимининг мансабдор ходими эса маҳаллий фермер хўжалик раҳбарига хўжаликнинг ўз ҳисобидан жорий этилган томчилатиб суғориш технологияси учун сарфланган маблағларнинг бир қисми давлат томонидан қопланишини маълум қилиб, унга 360 млн. сўм миқдорида субсидия маблағи ажратилишида ёрдам бериш эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Аввалроқ Наманганда ўзини ДХХ ходими деб таништирган шахс, Олмалиқда шаҳар адлия бўлими ходими ушлангани хабар қилинганди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.