Тадбиркорликдан олинадиган даромадни тенг бўлишишни ваъда қилган фирибгарга нисбатан суд ажрими ўқилди

Тадбиркорликдан олинадиган даромадни тенг бўлишишни ваъда қилган фирибгарга нисбатан суд ажрими ўқилди

С.Хурсанов (исми шарифи ўзгартирилган) фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиб ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, Ф.Умированинг ишончига кириб, уни набираси Й.Исматовни ўзининг тадбиркорлигига шерик қилишини, биргаликда Тошкент шаҳридан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиб, тадбиркорликдан олинадиган даромадни тенг бўлишишни ваъда қилиб, Ф.Умировани ишончини суиистеъмол қилиб, 25.11.2020 йилга қадар бўлиб-бўлиб 84.000.000 сўм пул маблағини олиб, мазкур пулларни ўзаро келишилган муддатда қайтармасдан, Ф.Умировадан 11.01.2021 йилда яна 2.000 АҚШ доллари миқдорида пул беришини, олган пулини 18.01.2021 йилга қадар қайтариб беришини, агар қайтариб бермаса бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомашинасини унинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилиб, аслида А.Мелиевга тегишли бўлган “Кобалт” русумли давлат рақами 25 К 285 FА бўлган автомашинани гаров тариқасида қолдириб, қўлга киритган жами 103.000.000 сўм пулдан 17.12.2021 йилга қадар 98.000.000 сўмини қайтариб бермасдан, фирибгарлик йўли билан талон-торож қилган.

Бундан ташқари, С.Хурсанов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 03.01.2021 йилда Й.Исматовни ўзига тегишли бўлган автомашинани сотганлигидан хабардор бўлиб, ушбу пулларни қўлга киритиш мақсадида, Й.Исматовни яшаш уйига бориб, унга бир ой муддатда “Кобалт” русумли автомашина олиб беришини айтиб, уни алдаб, Й.Исматовнинг 100.000.000 сўм миқдоридаги пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, талон-торож қилган.

Бундан ташқари, С.Хурсанов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2021 йил январь-апрель ойларида А.Отабоевдан тадбиркорлик қилиш учун пул маблағини сўраб, уни алдаб, гаров эвазига С.Отабоевга тегишли Шароф Рашидов тумани, Тоқчилик маҳалласида жойлашган қурилиши тугалланмаган 0,6 сотих ер майдонини ҳужжатларини А.Отабоевни номига расмийлаштириб бериб, 84.047.200 сўмга тенг бўлган 8.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, белгиланган муддатда қайтариб бермасдан талон-торож қилган.

С.Хурсановнинг ҳимоячиси апелляция шикоятида, биринчи инстанция суди С.Хурсанов томонидан зарарни қоплаш учун Жиззах вилояти ИИБнинг депозит ҳисоб рақамига қўйилган 90.000.000 сўм пулларни фақатгина жабрланувчи Ф.Умированинг фойдасига ўтказишни белгилаб нотўғри қарорга келганлиги, шунингдек С.Хурсанов жабрланувчи Ф.Умирова, Й.Исматов ва А.Отабоевларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритмаганлиги, бу эпизодлар бўйича унинг айби йўқлиги сабабли суд ҳукмини ўзгартириб, С.Хурсановни жабрланувчи Ф.Умирова, Й.Исматов ва А.Отабоевларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги юзасидан айб эпизодлари бўйича оқлашни ҳамда унинг қилмишини ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандларидан шу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилиб, зарарлар қопланганлиги сабабли уни ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилишни сўради.

С.Хурсановнинг суд ҳукмида қайд этилган жиноятларни содир қилганликдаги айби, гарчанд у апелляция инстанцияси судида ўз айбига иқрорлик билдирмаган бўлсада, жабрланувчи Ф.Умирова, Й.Исматов, А.Отабоев ва А.Мелиевларнинг биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судларида берган кўрсатувлари, жиноят ишидаги аризалар, тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомалари, тилхатлар, сўзлашувлар стенограммаси, судга оид хатшунослик экспертизасининг хулосаси ҳамда бошқа далиллар билан тўлиқ исботини топди.  

Апелляция инстанцияси суди томонидан жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2022 йил 21 сентябрдаги С.Хурсановга нисбатан чиқарган ҳукми моддий зарарлар тўлиқ қопланганлиги сабабли ўзгартирилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси
3-қисми “а,б” бандлари билан ЖКнинг 62-моддасига асосан чегирилиб, ўташ учун 1 йил 7 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилиб, у дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.

Жиноят оқибатида етказилган моддий зарарлар тўлиқ қопланганлиги ҳамда жабрланувчи Ф.Умирова, Й.Исматов ва А.Отабоевларнинг бу борада судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, суд ҳукмининг судланувчидан жабрланувчилар фойдасига моддий зарарларни ундириш қисми бекор қилинди.

 

Лутфулла Мамаражабов

Жиззах вилоят судининг судьяси