Энди йўлни ўзбошимчалик билан қазиган жаримага тортилади

Энди йўлни ўзбошимчалик билан қазиган жаримага тортилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг йўл хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича моддасига тузатиш киритилди. Бу ҳақда "Норма" хабар берди.

Гап кодекснинг 147-моддаси биринчи қисми хусусида бормоқда. 22 январдаги қонун билан унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, улар 24 апрелдан кучга киради.

Ҳозирги вақтда моддада йўлларга, йўл иншоотларига ва йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказганлик, уларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун санкциялар назарда тутилган.

Ўзгартиришлар кучга киргандан кейин, у бўйича қуйидагиларга ҳам жарима солиш бошланади:

•    автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганлик учун;
•    йўлларда сунъий нотесликлар ва тўсиқлар барпо этганлик учун;
•    автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаганлик учун;
•    йўлларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун.

Шунингдек, жарималар ҳам қайта кўриб чиқилди. Ҳуқуқбузар фуқаролар БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахслар эса – БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима тўлашларига тўғри келади (ҳозирги кунда санкциялар унификациялашган– жарима 10 БҲМ миқдорида).

Юқорида келтирилган ҳуқуқбузарликлардан ҳеч бўлмаганда биттаси аниқланган тақдирда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ходимлари баённома тузадилар. МЖТКнинг 282-моддаси тартибида у кўриб чиқиш учун маъмурий судга юборилади.