Бир суд-бир инстанция

Бир суд-бир инстанция

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2020 йил 30 июнь куни "Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш" борасидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган ва йиғилишда Президентимиз томонидан одил судловни таъминлаш борасида ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинган эди.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг  8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган эди.

Бу ҳолат одамларнинг ҳали судлардан рози эмаслигини, уларнинг судлар чиқарган ҳужжатларнинг қонунийлигига ишонмаслигини англатмоқда.

Йиғилишда Президентимиз Олий суднинг назорат тартибида ишларни кўришини ҳам тугатиш масаласини қўйган эди.

Президентимиз видеоселектор йиғилишидаги таҳлиллардан келиб чиқиб, 2020 йил 24 июлда ПФ-6034-сонли Фармонини имзолади.

Фармонда судлар фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча чора-тадбирларни белгилаб берилди.

Шулардан бири, Ўзбекистон Республикаси Олий судида назорат инстанциясини тугатишни белгилашдир.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб  суд ишларни назорат тартибида кўриш институтини тугатиш ҳақидаги таклифлари мақулланган.

Назорат инстанциясининг тугатилишини суд ҳимоясини таъминлашда  ортиқча бюрокаратик тўсиқларнинг сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ҳал этилмаганлиги ва бошқа бир қатор ҳолатлар тақазо қилди.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институтига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокуратураси ва уларнинг ўринбосарлари томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари устидан Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатига протест келтирилади.

Эндиликда юқоридаги мансабдор шахсларнинг назорат тартибида протест келтириш ҳуқуқлари бекор қилинади.

Шунингдек, тарафлар ва уларнинг вакиллари апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари устидан Олий судга назорат тартибида шикоят келтиради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси,  Бош прокурори ва унинг ўринбосарларларининг назорат тартибида келтирган протестлари назорат инстанциясида бевосита кўрилсада, фуқаролар ва уларнинг вакилларининг назорат тартибидаги шикоятларини судлов ҳайъатларига ўтказиш масаласини шикоятни ўрганаётган Олий суд судъяси ҳал қилади.

Фуқаролар Олий суд судьясининг ишни тегишли судлов ҳайъатига ўтказишни рад этганлиги ҳақидаги ажрими устидан Олий суднинг   фуқаролик, жиноят, маъмурий ёки иқтисодий судлар бўйича ўринбосарига шикоят қилади. Олий суд раиси ўринбосарининг жавоб хатидан норози бўлса эса Олий суд раисига шикоят қилади.

Яъни, фуқароларнинг назорат тартибида шикоят қилиши ҳам Олий суднинг ўзида бир неча босқичлардан ўтади.Қонунчиликда назорат тартибида шикоят қилиш ёки протест келтиришнинг бир йиллик муддати белгиланган бўлсада,  шикоятга ўрин йўқлиги ҳақида қатьий жавоб берилмаганлиги учун фуқаролар йиллар давомида назорат тартибида шикоят ёзиш билан овора бўлмоқда.

2019 йилда Олий судда назорат  тартибидаги шикоятлар сони кескин ошиб кетганлиги  ишлар ҳажмининг, ҳар бир судьяга тушадиган шикоятлар сонининг ошиб кетишига сабаб бўлди.Бу эса баъзи ҳолларда шикоятларга жавоб бериш муддатининг ўтиб кетишига ҳам олиб келди.

Президентимиз Фармонида белгиланганидек, эндиликда Олий суд ишларни назорат тартибида кўрмайди.

Фармонга кўра,Олий судда кассация инстанциясидан юқори инстанция бўлмаганлиги учун фуқаролар вилоят судларининг апелляция тартибида кўрилган қарорлари устидан Олий судга кассация тартибида шикоят ёзадилар ва кассация инстанциясининг ўзида низога узил-кесил нуқта қўйилади.      

Назорат инстанциясининг тугатилиши эса фуқароларнинг йиллар давомида сарсон бўлишининг олдини олади ва ишларнинг Олий судда кассация инстанциясида кўрилиши  ишларнинг тезда ечим топишини англатади.

БМТнинг махсус маърузачиси  Д Гарсия-Сайян 2020 йил 13 июлдаги мамлакатимизга ташрифи натижалари бўйича маърузасида  мамлакатимиздаги назорат инстанцияси мавжудлигини танқид қилган эди. МДҲ ва ривожланган давлатларда, хусусан, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Германия, Франция, Латвия ва бошқа давлатларда судларда ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилинган.

Президентимиз 2020 йил 30 июндаги видеоселектордаги маърузасидан келиб чиқиб, фармонда   судлар томонидан илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимида “бир суд – бир инстанция” тамойили йўлга қўйилади.

"Бир суд-бир инстанция" тамойилининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, бу биринчидан, ишларнинг биринчи инстанциядаёқ қонуний ечимини топишга қаратилган ҳаракат бўлса, иккинчидан ишларнинг иккинчи инстанцияда сифатли, тез ва холисона кўриб чиқилишини, судда ягона тўхтамга келишни  таъминлашдир.      

Таҳлилларга кўра, 2019 йил давомида битта вилоят судининг биринчи инстанция, апелляция(кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳам “Бир суд-бир инстанция” тамойилини жорий қилишни тақазо қилмоқда.

Ҳозирда вилоят судлари биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияларида, яъни учта инстанцияда ишларни кўради. Эндиликда вилоят судларида биринчи инстанция судларида кўрилган ишлар вилоят судининг апелляция инстанциясида кўрилмайди.

Балки, вилоят судининг биринчи инстанция суди қарори устидан берилган шикоят ва протестлар бевосита  Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатида апелляция тартибида кўрилади. Яъни, бир инстанция судида ишларни бир марта кўриш тамойили амалга оширилади.

          Суд-ҳуқуқ соҳасида ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар замирида  Муҳтарам Президентимизнинг кўп бора таъкидлаган "Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониши лозим" деган сўзлар ётибди.

          Президентимиз Фармонида белгиланган чора-тадбирлар албатта судлар фаолиятини такомиллаштиришга, одил судлов самарадорлигини оширишга, суд ҳужжатларининг барқарорлигини   таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга бўлган, чет эл инвесторларининг мамлакатимизда қонун устуворлигига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.       

                                                                                                 

       Фуқаролик ишлари бўйича

       Жиззах вилоят суди судьяси                                               Ш.Муллажонов

 

       Фуқаролик ишлари бўйича

       Зарбдор туманлараро суди раиси                                       Э.Умурзаков