Жиззахда СЭОМ ходимларига 898 миллион сўм қўшимча тўлов иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди

Жиззахда СЭОМ ходимларига 898 миллион сўм қўшимча тўлов иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди

Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларига 898 миллион сўм қўшимча тўлов иш ҳақлари берилмагани аниқланди. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси хабар қилди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида санитария-эпидемиология хизмати тиббиёт ходимларининг меҳнатини янада рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 24 апрелдаги 4695-сонли «Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини яна-да рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Шунга кўра, Жиззах вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида ушбу қарор талабларига риоя этилиши аҳволи мониторинг орқали ўрганилган.

Маълум қилинишича, ўрганиш давомида, ташкилот томонидан 2020 йил июнь ва июль ойлари учун марказнинг тиббиёт ходимларига 898 миллион сўм қўшимча тўлов иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланган.

Юқоридагиларга кўра, қонун ҳужжатлари бузилиши, уларнинг сабаблари ҳамда бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига тақдимнома киритилиб, 568 нафар марказнинг тиббиёт ходимига 2020 йилнинг июнь ва июль ойлари учун қўшимча тўлов иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.