Ҳайдовчи ўриндиғининг бош суянғич қисмидан чиққан қорадори

Ҳайдовчи ўриндиғининг бош суянғич қисмидан чиққан қорадори

Фото: respublic.net

Жиззах вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан 2020 йил 23 июнь куни соат 16-30 ларда вилоят ҳудудида ўтказилаётган кенг қамровли “Қорадори-2020” тадбири давомида олинган тезкор маълумотларга асосан Шароф Рашидов тумани, “Истиқлол” маҳалласи ҳудудида Олимов Сайид Толипович (Ф.И.Ш ўзгартирилган) нинг бошқарувида бўлган “Дамас” русумли, 25202СAА давлат белгили автомашина тўхтатиб текширилди. Мазкур автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланиб келаётган судланувчи Ихтиёров Ботир Қодирович (Ф.И.Ш ўзгартирилган) 2 дона “СПИЧКИ” ёзувли гугурт қутига солинган, қуриган ҳолдаги, жами оғирлиги 6,23 граммга тенг бўлгани “марихуана” гиёҳвандлик воситасини, ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда ҳайдовчи С.Олимовни ўриндиғининг бош суянчиқ қисмидаги қоплама орасига яшириб олиб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Суд Б.Ихтиёровга жазо турини белгилашда содир қилган жинояти ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар турига киришини ҳамда ҳаракатида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, қилмиши квалификация қилинган модда санкциясида назарда тутилган жазолардан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.

Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди томонидан Ихтиёров Ботир Қодирович Ўзбекистон Республикаси ЖК 276-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

 

Ғиёсиддин Ялгашев  - Жиноят ишлари бўйича

Шароф Рашидов туман судининг раиси