Ўлими Тошкент вилояти бош инфекционистининг қўлга олинишига сабаб бўлган фуқаро реаниматолог бўлган

Ўлими Тошкент вилояти бош инфекционистининг қўлга олинишига сабаб бўлган фуқаро реаниматолог бўлган

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонасидаги муаммолар ҳақида очиқ гапирган Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган эди. Бош прокуратура у ижтимоий тармоқлардаги чиқиши, касалхонадаги шароитлар ҳақидаги шикоятлари сабаб эмас, балки икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан оғир аҳволда даволанаётган беморни вилоят Руҳий касалликлар диспансерига ўтказиб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун қўлга олинганини маълум қилган эди.

Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг «Qalampir.uz»га берган интервьюсида маълум қилишича, вафот этган шахс асли шифокор, 12 йилдан ортиқ жонлантириш бўлимида ишлаган реаниматолог Фаррух Рустамовдир. Қайд этиш жоиз, у вафотидан сўнг Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 августдаги фармонига мувофиқ «Жасорат» медали билан мукофотланган. «Дарё» манбаси ушбу маълумотни тасдиқлади. Фармонда унинг иш жойи ва лавозими сифатида Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими анестезиологи-реаниматологи кўрсатилган.

Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг таъкидлашича, 1981 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси бўлган Фаррух Рустамов пандемиягача Чирчиқ шаҳар марказий шифохонасида реаниматолог бўлиб ишлаган. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига асосан Зангиотадаги COVID-19’га қарши кураш марказига бориб, кўнгилли сифатида ишлаган. 14 кун мобайнида шифокорлик қилиб, кўплаб беморларнинг соғайишига ўз ҳиссасини қўшган ва шу вақтда коронавирус инфекциясини юқтириб олган («Дарё» манбасининг маълум қилишича, Рустамовда коронавирус 23 июль куни тасдиқланган).

- "Ўзидаги ўзгаришларни ҳис қилгач, Фаррух Рустамов Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Шифохонада унга COVID-19 ташхиси қўйилгач, у шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган муолажаларга қарамай, ўпкаси икки тарафлама 70 фоиз зарарланган; у сунъий нафас бериш мосламасига уланиб, кислород етказиб бериб турилган.

Рустамов ўзи реаниматолог бўлгани учун жонлантириш бўлимида керакли муолажалар кўрсатилмагани сабаб, у ўз ҳуқуқини талаб қилиб: «Қон босимим тушиб кетяпти, у ёки бу дорини юборинг, ҳаётим хавф остида», деб гапирганида Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева: «Бу маҳмадона экан, руҳий касал бўлиб қолибди», деб, вазиятга тўғри баҳо бермай, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери бош шифокорига қўнғироқ қилиб: «Биз сизга оғир аҳволдаги бир руҳий касални юборамиз, уни қабул қилиб, даволашингиз керак, мутахассис юборинг», деб айтган.

Вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери бош шифокори: «Коронавирусга чалинган бемор бўлса, уни бизга юбора олмайсиз, чунки бу ерда бутун вилоятдан келган 120 нафар бемор бор. Уларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш мумкин эмас. COVID-19’га чалинган беморни аввал даволаб, кейин бу ерга юбориш керак», деб жавоб берган. Шунга қарамай, Гулжаҳон Йўлдошева тегишли хулосаларни олмай, ССВнинг Руҳий асаб касалликлари диспансерига ётқизиш бўйича талабларига зид равишда, беморнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда ўткир нафас етишмовчилиги мавжудлиги, реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамай, унинг оғзида турган кислород етказиб берувчи мосламани олиб ташлаб, замбилга ортиб, диспансерга мажбуран олиб бориб ташлаган.

Руҳий асаб касалликлари диспансери коронавирусга чалинган беморларни даволашга ихтисослашмаган, шароитлар йўқ. Шундай бўлса-да, улар беморни қабул қилиб олган. Унга керакли муолажалар кўрсатилгунига қадар, яъни кислород етказиб берувчи мослама олиб келингунича Фаррух Рустамовнинг жони узилган
", - дейди Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов.


Маълум қилинишича, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида Фаррух Рустамов номига юритилган касаллик тарихига бемор COVID-19 касаллигидан тўлиқ тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган ва аҳволи оғирлигига қарамай, Гулжаҳон Йўлдошеванинг кўрсатмаси билан вилоят Руҳий касалликлари диспансерига юборилган.

Дастлабки суриштирув давомида Руҳий касалликлар диспансери бош шифокори нима учун коронавирусга чалинган беморни қабул қилгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, у бир томондан Гиппократ қасамини ичгани учун оғир аҳволдаги беморни қабул қилишдан бош торта олмаслигини, бошқа томондан Фаррух Рустамовнинг касаллик тарихида у COVID-19’дан буткул тузалгани ҳақида хулоса ёзилгани туфайли уни қабул қилиб олганини таъкидлаган.

«Аслида эса беморнинг COVID-19’дан тузалмаганини уни диспансерга олиб борган шифокор ҳам, уни қабул қилиб олган бош шифокор ҳам — ҳамма билган», — дейди Бахтиёр Иброҳимов. Чирчиқ шаҳар прокурорининг алоҳида қайд этишича, ушбу жараёнда иштирок этган барча тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига тергов давомида ҳуқуқий баҳо берилади.

Маълумот учун, 39 ёшли Фаррух Рустамовнинг коронавирус инфекцияси оқибатида 2 август куни вафот этгани Бош прокуратура ахборотидан маълум бўлган эди. Ушбу ўлим ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳозиргача тасдиқланмаган (вазирлик бундан ташқари яна 10 дан ортиқ ўлим ҳолатларининг коронавирус асоратлари оқибатида юз берганини тасдиқлагани йўқ).