Қизга гап отган йигитлардан бирини уриб жароҳатлаган фуқарога жиноят иши очилди

Қизга гап отган йигитлардан бирини уриб жароҳатлаган фуқарога жиноят иши очилди

2020 йилнинг 3 ноябрь куни соат 01:00 да 40 ёшли Одил М. Наманган шаҳар 5-кичик туманда жойлашган дўконда савдо қилаётганида, дўкондан харид қилиб ташқарига чиққан 25 ёшли Севара А.га «Matiz» русумли автомашинада бўлган Жаҳонгир У., Мурод Т. ва Юсуф С.лар гап отишади. Буни кўрган Одил М. уларга кетишларини айтиб, ўзаро жанжаллашиб қолади ва дўконда бўлган ёғоч битани ташқарига олиб чиқиб, Юсуф С.нинг бош қисмига уриб тан жароҳати етказади.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, дастлабки тиббий маълумотномада: жабрланувчида бош мия очиқ шикасти, бош мияни оғир даражали лат ейиши, бош мияни чап ярим шарлари ўткир эпидурал гематомаси ҳисобига эзилиши ва бошқа жароҳатлар борлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Одил М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.