Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар — инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар — инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили

Истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳ этилиб, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига асосланган ҳуқуқий тизим шаклланди.

Айниқса сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда барча сохаларда олиб борилаётган ўзгариш ва ислохотлар, аввало инсон манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу ниятларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадга хизмат қилмоқда. Бу инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ҳар бир шахснинг давлат ҳимоясида эканлиги тўғрисидаги конституциявий принципларини амалга оширишни кафолатлашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар 2021 йилда ҳам изчил давом эттирилиши белгиланди.

Мурожаатномада муҳтарам Президентимиз “Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди”.

2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Мазкур тамойилнинг қонунчилигимизга жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони билан белгиланган эди.

Фармонга кўра, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш назарда тутилган:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади;

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий сдлари тугатилади, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.

Шунингдек, “Бир суд – бир инстанция” тамойили бўйича суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланди.

Муҳтарам Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак” деган эзгу ғояни илгари сурганлари давлат идоралари масъулларининг ўз масъулиятини оширишга яна бир туртки бўлиб, фақат инсон манфаатларига хизмат қиладиган қонунга бўйсуниб ва амал қилиб, ишлашни талаб этаётгани қувонарлидир. Президентимиз томонидан қўйилаётган бундай адолатли талаб, ўз-ўзидан, ҳар томонлама етук, ҳалол, касбига садоқатли судьялар корпусини шакллантиришни тақозо этади.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлашга, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилиб, аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириши билан бирга, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо қилиш ҳамда ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишдек энг олий мақсадга эришишига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мазкур соҳани халқаро стандартлар асосида такомиллашувига сабаб бўлиб, судлар мустақиллигини чинакам маънода таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади

 

 

Хуршид СОДИҚОВ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар

Олмазор туман суди судьяси