Суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг бош мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашдир

Суд – ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг бош мақсади  инсон ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашдир

Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик  каби конституциявий принциплар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминловчи суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 24 июлда Президентнинг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармони қабул қилиниб,  2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши белгиланган эди.

Шу муносабат билан 8.02.2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-671-сон Қонун қабул қилинди.

 Ушбу ўзгартиришларга кўра эндиликда Ўзбекистон Республикаси суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатлилиги белгиланди. 

 Шунингдек, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан 12.01.2021 йилдаги ЎРҚ-663-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

 Ушбу ўзгартиришларга кўра иқтисодий судларда ишларни кўриб чиқишда суд ҳужжатларини такроран кўриб чиқиш бўйича назорат тартиби бекор қилинди. 

Энди инвестициявий низолар бўйича ишлар ҳамда рақобатга оид ишлар иқтисодий судда кўриб чиқилади. Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларга тааллуқли низолар белгиланди.  Мазкур тоифадаги ишлар йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, бевосита Олий суд томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Олий судда инвестициявий низолар бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилиши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловлилик қоидаларининг белгиланиши инвесторларнинг низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида сарсон бўлишининг олдини олади. Уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди.

Шунингдек, прокурорнинг барча ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди ва прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Яна бир муҳим янгилик, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низолар, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолардан ташқари биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақли эканлиги белгиланди.

 Ушбу ўзгартиришларга кўра ишни кассация тартибида такроран кўриш тартиби белгиланиб, ишни кассация тартибида такроран кўриш 5 нафар судьядан иборат ҳайъат томонидан амалга оширилиши, кассация шикояти бериш муддати 1 йил эканлиги, кассация шикояти Олий суднинг Иқтисодий масалалар бўйича Суд ҳайъатига берилиши белгиланиб, кассация инстанцияси судининг янги далилларни ўрганиш ва янги ҳолатларни белгилаш ҳуқуқи бекор қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари аввало жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлаш, инвестициявий муҳитнинг жозибадорлигини янада ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда шу орқали халқ фаровонлигига эришишдир. 

 

Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси  Р.Бердияров

 

Жиззах вилоят суди судья катта ёрдамчиси А.Зокиров