Бош прокуратура «Ўзбеккино» мансабдорларига нисбатан жиноят иши очган

Бош прокуратура «Ўзбеккино» мансабдорларига нисбатан жиноят иши очган

Бош прокуратура томонидан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур жиноят иши қўзғатилишига Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан «Ўзбеккино» Миллий агентлигида ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган.

Тергов жараёнида, «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.

Аниқланишича, 22.06.2018 йилда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Best organaizer» МЧЖ ўртасида «Менман, Жалолиддин» номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн. сўм маблағ тўлаб берилган.

Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари «Мендирман, Жалолиддин» номи билан Туркия Республикасидаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш ҳаражатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, «Ўзбеккино» Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тергов ҳаракатлари давомида 2020 йил 03 октябрь куни тақдимот маросими бўлиб ўтган «Мендирман, Жалолиддин» фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган ҳамда ушбу фильмни ишлаб чиқарган шахсларни жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ, дейилади хабарда.