Хонанда Жасур Умировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. У вояга етмаган қизнинг номусига тегишда айбланмоқда

Хонанда Жасур Умировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. У вояга етмаган қизнинг номусига тегишда айбланмоқда

Хонанда Жасур Умиров вояга етмаган Ш.М.нинг номусига теггани юзасидан 2020 йилнинг 9 октябрь куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Бу бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, ишда тўпланган далиллар асосида хонандага нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан айб эълон қилиниб, суднинг 21 декабрь кунидаги ажримига асосан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани, жиноят иши тергови вилоят прокурори томонидан назорат қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Самарқанд вилояти прокуратурасининг «Дарё»га маълум қилишича, жиноят иши тергови якунланиб, 5 январь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига юборилган.

«Тергов давомида айбланувчи Жасур Умировнинг айби мақбул далиллар билан тўлиқ тасдиқланганлиги боис у Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди билан, шунингдек, фуқаро А.З. ва Ш.Қ.лар Жиноят кодексининг 241-моддаси 2-қисми ва бошқа моддалари билан айбланди. 2021 йилнинг 5 январь куни жиноят ишини кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судига юборилди», — дейилади Самарқанд вилояти прокуратураси маълумотида.

Аввалроқ бу иш бўйича хонанда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теггани, ИИБ эса хонандага нисбатан жиноий иш очишни рад этгани, Бош прокуратура қарор қонунийлигини текшириши маълум қилинганди. Шундан сўнг Бош прокуратура мазкур ҳолат бўйича қўшимча текширув тайинлангани ҳақида хабар берганди.