Бу йил мактаб формаси мажбурий бўлмайди

Бу йил мактаб формаси мажбурий бўлмайди

2022 йил сентябрь ойидан янги ўқув йилида ота-оналар учун ягона формани харид қилишга мажбурий талаб  қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган Халқ таълими вазири иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

«Миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди.

Шунингдек, ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилади.

Мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.

Мактаб формаси савдоси август ойидан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳар марказларидаги аҳолига қулай жойлар ҳамда мактаб ярмаркаларида ташкил этилади.

Халқ таълими вазирлиги ота-оналар ва ўқувчиларнинг мактаб формаси дизайни ва сифати бўйича ҳар қандай таклифларини кўриб чиқишга ва биргаликда ягона форма дизайнларини такомиллаштириб боришга тайёр эканлигини маълум қилади», деди Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов.

Аввалроқ Ҳукумат қарорига кўра, 2022/2023 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилиши айтилганди.