ЮНИСЕФ Ўзбекистон: 225 та мактаб ногиронлиги бўлган болалар учун ўз эшикларини очади

ЮНИСЕФ Ўзбекистон: 225 та мактаб ногиронлиги бўлган болалар учун ўз эшикларини очади

Мамлакат таълим тарихида мисли кўрилмаган қадам сифатида жорий ўқув йилида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги 225 та умумтаълим мактаблари ногиронлиги бўлган болалар учун ўз эшикларини очади. Бу Ўзбекистон президентининг 2020 йил 13-октябрдаги 4860-сон қарори билан тасдиқланган 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган Халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепциясига мувофиқдир.

“Биз бутун мамлакат бўйлаб инклюзив таълим йўлидаги бу илғор қадамни олқишлаймиз. Далиллар шуни кўрсатадики, инклюзив таълим барча болалар учун фойдали бўлиб, таълим натижаларини яхшилашда катта имкониятларни тақдим этади”, деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар кўпинча алоҳида муассасаларда ўқитилади. 2020 йилда бундай болалар махсус муассасаларда тарбияланаётганларнинг 75 фоизини ташкил этган. Тахминан 9700та ногиронлиги бўлган болалар мактаб тизимида эмас.

Бутун дунё бўйлаб болалар мактабга қайтар экан, 10 ёшли болаларнинг учдан икки қисми оддий матнни ўқий олмаслиги хавотирли ҳолатдир. Бундай шароитда мактабдаги барча болалар, жумладан ногиронлиги бўлган болалар каби кўпинча ажратиб қўйиладиган гуруҳлар учун таълим сифатини ошириш зарурати кучаймоқда. 

Бинобарин, ЮНИСЕФ ҳамкорлари билан барча болаларга, жумладан, ажратиб қўйилган болаларга билим ва кўникмаларини оширишлари учун Асосий таълим бўйича ҳаракатлар мажбуриятини (Commitment to Action on Foundational Learning) ишлаб чиқди ва ҳукуматларни бу борада шошилинч чоралар кўришга чақиради. Ушбу ҳаракатни маъқуллаган ҳолда, ҳукуматлар қуйидаги мажбуриятларни оладилар: 

    • 2030 йилгача оддий матнни ўқиб тушуна олмайдиган ўн ёшгача бўлган болаларнинг сонини глобал миқёсда икки баробар қисқартириш;
    • сифатли таълим учун етарли ресурслар ажратиш.

“225 та мактаб ўз эшикларини ногиронлиги бўлган болалар учун очиши барча болалар сифатли таълимга эга бўлишларини таъминлашда қатъий ва муҳим қадамдир”, деди Мунир Мамедзаде. “Бироқ мазкур мажбуриятнинг муваффақиятли бажарилишини таъминлаш барчанинг масъулиятидир: оилалар ўз фарзандларини мактабга олиб боришлари, маҳалла раҳбарлари ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан стигма ва камситишларга чек қўйишда фаол бўлишлари, мактаблар эса бу болаларни кутиб олишга тайёр бўлиши керак.”
 

Бу йил ЮНИСЕФ Халқ таълими вазирлигига ушбу намунавий мактабларда ҳар бир ўқувчи учун юқори сифатли таълимни таъминлайдиган янги инклюзив мактабларни моделлаштиришда ёрдам беради. 2018 йилдан бери ЮНИСЕФ Халқ таълими вазирлигини кўникмаларга асосланган, инклюзив ва гендер масалаларини инобатга олган янги ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирда ЮНИСЕФ кўмагида ўқитувчилар учун янги қўлланмалар ишлаб чиқилмоқда.